АҚШ ва Жанубий Корея КХДРни сунъий йўлдош учиришдан воз кечишга чақирди
Олам
−
09 Ноябрь 2023
4877Корея Республикаси ва АҚШ расмийлари Шимолий Кореяни биринчи разведка сунъий йўлдошини учириш режаларидан воз кечишга чақирди. Бу ҳақда Корея Республикаси Ташқи ишлар вазири Пак Чин Сеулда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан музокаралари якунида маълум қилди.
“Биз шимолдан провокацияларни, жумладан сунъий йўлдош учиришни зудлик билан тўхтатишни қатъий талаб қиламиз”, деган Пак Чин матбуот анжуманида.
Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар ва Жанубий Корея тўхтатиб туриш чораларини кучайтириш учун яқиндан ҳамкорлик қилишда давом этади. Бу Вашингтон ўз иттифоқчисини ҳимоя қилиш учун барча воситаларни, шу жумладан ядровий воситаларни ҳам қўллашга тайёрлигини англатади.
"Шимолий Кореянинг ҳар қандай провокациясига жавоб ҳал қилувчи бўлади", дея қўшимча қилган Пак Чин.
Вазирнинг айтишича, Жанубий Кореяда Америка атом сувости кемасининг пайдо бўлиши ва мамлакат ҳудудига АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг B-52 стратегик бомбардимончи самолётининг биринчи марта қўндирилиши Сеул ва Вашингтон иттифоқидан Пхеньянга “кучли сигнал”дир.
Шунингдек, Жанубий Корея ТИВ раҳбари халқаро ҳамжамият КХДР учун ядровий давлат мақомини ҳеч қачон тан олмаслигини қўшимча қилган.
“Корея Республикаси ва АҚШ Шимолий Кореяни ядро қуроли ва ракеталарини ишлаб чиқишдан воз кечишга кўндириш бўйича саъй-ҳаракатларини давом эттиради”, дея хулоса қилди Пак Чин.
Маълумот учун, жорий йилнинг май ва август ойларида Шимолий Корея мамлакатнинг биринчи разведка сунъий йўлдошини учиришга икки марта муваффақиятсиз уринган. Республика ҳукумати октябрь ойида учинчи уриниш қилиш ниятини билдирган, аммо бу амалга ошмаган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Токиода учрашган G7 ТИВ раҳбарлари Шимолий Кореяни Россияга қурол-яроғ ўтказаётганликда айблаганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь