G7 вазирлари Россияга қарши санкциялар қўллаш масаласини қўллаб-қувватлади
Олам
−
08 Ноябрь 2023
3345Кеча, 7 ноябрь куни G7 мамлакатлари ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Токиодаги музокаралар чоғида “Катта еттилик” аъзолари Россияга қарши санкциялар қўллаш ва Украинага ёрдам кўрсатиш масаласида бирдамлигини тасдиқлади. Бу ҳақда Япония Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда айтилади.
"Учрашув иштирокчилари G7, ҳатто бугунги халқаро вазиятда ҳам, Россияга қарши қаттиқ санкциялар киритиш ва Украинани кучли қўллаб-қувватлашга бўлган муносабатда бирдам бўлиб қолишини тасдиқладилар", дейилади баёнотда.
Бундан ташқари, G7 ТИВ раҳбарлари Шимолий Кореяни Россияга қурол-яроғ ўтказаётганликда айблаган.
“Учрашув иштирокчилари КХДР томонидан баллистик ракеталарни қайта-қайта учириш, шунингдек, БМТ Хавфсизлик кенгашининг тегишли резолюцияларини бевосита бузувчи КХДРдан Россияга қурол етказиб беришни кескин қоралади”, дейилади хабарда.
Вазирлар музокаралар чоғида G7 ва Хитой ўртасида ҳамкорлик зарурлигини тасдиқлаган.
“ТИВ раҳбарлари Хитой билан самимий ҳамкорлик қилиш ва унга бевосита ўз ташвишларини билдириш муҳимлигини тан олишларини тасдиқладилар, ХХР билан глобал муаммолар соҳасида, шунингдек, ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорлик қилиш зарурлигини эътироф этдилар”, дейилади баёнотда.
Япония Ташқи ишлар вазири Ёко Камикава ва унинг германиялик мавқедоши Анналена Бербок Токиодаги икки томонлама музокаралар якунлари бўйича, Яқин Шарқдаги вазият кескинлашаётганига қарамай, Украинага қўшимча ёрдам кўрсатиш зарурлигини айтган.
Шунингдек, Анналена Бербок Киевни қўллаб-қувватлашни тўхтатиш “Украина ва Европа учун даҳшатли оқибатларга олиб келишини” таъкидлаган. Бундан ташқари, у Ғазо секторидаги аҳолига гуманитар ёрдамни тез етказиб бериш учун Фаластин-Исроил можаро ҳудудида ўт очишни тўхтатишга чақирган.
Германия Ташқи ишлар вазири Ғазо аҳолиси озиқ-овқат, ичимлик суви ва тиббий ёрдамга жуда муҳтожлигига эътибор қаратган. Шу билан бирга, у Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқдаги Фаластинлик қочқинларга ёрдам ва ишлар агентлиги (UNRWA) учун кўпроқ маблағ ажратишни режалаштираётганини айтди. Унинг таъкидлашича, G7 мамлакатлари UNRWA молиялаштиришнинг учдан икки қисмини таъминлаган.
“Биз бошқа молиявий жиҳатдан кучли донорларни UNRWA’да фаолроқ иштирок этишга ундаймиз”, дея хулоса қилди вазир.
DPA агентлиги Германиянинг Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш вазири Свенья Шульцега таяниб, Германия UNRWA эҳтиёжлари учун аввалдан ажратилган 70 миллион еврони блокдан чиқариши, шунингдек, қўшимча 20 миллион евро ажратиши ҳақида хабар берган.
LiveБарчаси