АҚШ ва Европа Эронга муддат берди – ОАВ

Олам

image

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ва Франция, Германия ҳамда Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлари телефон орқали Эрон билан ядро битими бўйича келишувга эришиш учун унга август охиригача муддат беришга қарор қилди. Бу ҳақда учта манбага таяниб, “Axios” нашри хабар берди.

Нашрга кўра, агар Теҳрон белгиланган муддатгача ядро битимига рози бўлмаса, Европа давлатлари 2015 йилги битим доирасида бекор қилинган БМТ Хавфсизлик Кенгаши санкцияларини тиклаш учун snapback (автоматик тиклаш) механизмини ишга тушириш ниятида. Бу механизм октябргача ишга туширилиши мумкин, шу ойда эса Россия ротация асосида БМТ Хавфсизлик Кенгашига раислик қилади. Европа мамлакатлари бу босқичгача улгуришни исташмоқда. Snapback  фаоллаштирилгач, БМТ 30 кун ичида Эрон санкцияларига енгилликлар сақланиб қолиш-қолмаслиги бўйича резолюция қабул қилиши керак бўлади. Бу учун 9 та “ҳа” овози ва доимий аъзолар – АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия ёки Франциянинг ветосиз розилиги зарур. Акс ҳолда, санкциялар автоматик тикланади.

Нашрнинг қўшимча қилишича, АҚШ ва Европа бундай сценарийни дипломатик усуллар иш бермаган тақдирда “захира режаси” деб билмоқда. Нашр билан суҳбатлашган икки манбанинг айтишича, яқин ҳафталарда Европа дипломатлари Эронни чекловларнинг тикланишига йўл қўймаслик учун айрим қадамларни қўйишга ундамоқчи. Улар орасида Эронга Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) билан ҳамкорликни тиклаш ва 60 фоизга бойитилган тахминан 400 килограмм уранни мамлакатдан чиқариш ҳам бор.

Айни пайтда Теҳрон БМТ Хавфсизлик кенгаши санкцияларининг тикланиши “адекват ва мутаносиб жавоб”га сабаб бўлишини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Axios” нашри Россия Президенти Владимир Путин АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Эрон вакиллари билан ўтказилган музокараларда Эроннинг уранни бойитишдан бутунлай воз кечишини кўзда тутувчи ядро келишувини қўллаб-қувватлашини билдиргани ҳақида ёзганди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Американинг “Axios”нинг хабарини рад этди ва уни “мақсадли дезинформация” деб атади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Франция Европа Эрон Марко Рубио

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг