АҚШ ва Украина ўртасидаги муносабатлар кескинлашмоқда – ОАВ
Олам
−
29 Январь 2022
19912Вашингтон ва Киев муносабатларидаги кескинлик Россиянинг Украинага “босқин”ига оид маълумотни талқин қилиш борасидаги келишмовчиликлар туфайли кучаймоқда. Бу ҳақда CNN телекомпанияси АҚШ маъмуриятидаги манбаларга таяниб хабар берган.
Таъкидланишича, АҚШ Президенти Жо Байден ва унинг ёрдамчилари Украина раҳбариятининг “босқинчилик таҳдидини кичрайтириб” кўрсатаётганидан норози, шунингдек, мамлакат Қўшма Штатлардан ёрдамни “алоҳида миннатдорлик билдирмасдан” қабул қилмоқда.
“Бизнинг саволимиз шуки, нега сиз АҚШ билан жанжаллашмоқчисиз? АҚШ сизнинг ягона ҳақиқий дўстингиз бўлса-да, нима учун маълумотларни сиздириб, бузиб ташлаяпсиз? Агар таҳдид даражаси ўзгармаган десангиз, нега қўшимча қурол сўрашингиз керак?”, деган АҚШ расмийси.
Ўз навбатида, Украина раҳбарияти Қўшма Штатлар Россияга қарши профилактик санкцияларни қўллашдан бош тортган ҳолда, ҳозирги вазиятга “ортиқча муносабат билдирмоқда, ваҳима қўзғатмоқда ва Украина иқтисодини чалкаштириб юбормоқда”, деб ҳисоблайди.
“Киев сўнгги икки ой давомида ҳеч қандай тўхтатувчи таъсирга эга бўлмаган ва аслида беихтиёр Украина иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатадиган бўлажак уруш ҳақида доимий оғзаки огоҳлантиришлардан кўра, “Шимолий оқим”га қарши санкциялар каби олдини олиш чораларини кўришни қадрлайди”, деган Президент Зеленскийнинг маслаҳатчиларидан бири.
Аввалроқ, телекомпания Украина ҳукуматидаги манбага таяниб, Байден ва Зеленский ўртасида бўлиб ўтган телефон суҳбатини конструктив деб таърифлаб бўлмаслигини айтган эди. Бу маълумотни Украина Президентининг Матбуот котиби Сергей Никифоров ва Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба рад этган. Зеленскийнинг ўзи Америка раҳбари билан ҳеч қандай тушунмовчилик йўқлигини айтган.
Киев ва Ғарб давлатлари сўнгги пайтларда Россиянинг Украина чегаралари яқинида “тажовузкор ҳаракатлари” кучайганидан хавотир билдирган. Россия Президенти Матбуот котиби Дмитрий Песков қўшинлар ўз ҳудуди доирасида ва ўз хоҳишига кўра ҳаракатланаётганини айтган. Унинг сўзларига кўра, бу ҳеч кимга таҳдид солмайди ва ҳеч кимни ташвишга солмаслиги керак. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга кўра, Россия Украина атрофидаги можаро учун ҳеч қандай баҳона яратмаяпти.
LiveБарчаси