АҚШ ва Британия Яманнинг 4 та вилоятини ўққа тутди – ОАВ
Олам
−
18 Январь
5522Америка Қўшма Штатлари ва Буюк Британия Яманнинг ҳусийлар ҳаракати назорати остидаги ҳудудларига тунда иккинчи марта зарба берди. Бу ҳақда ҳусийларга тегишли “Al Masirah” телеканали хабар берди.
Қайд этилишича, Дамар, Таиз, Ходейда ва Ал-Байда вилоятлари ўққа тутилган.
Телеканал маълумотларига кўра, Қизил денгиз соҳилидаги Ходейда провинциясида жойлашган Ал-Салиф қишлоғидаги ҳусийларнинг объекти нишонга олинган.
Анонимлик шарти билан гапирган америкалик мулозим мазкур ҳужумлар минтақадаги тижорат ва АҚШ ҳарбий-денгиз кучларига тўғридан тўғри таҳдид соладиган ракета объектлари ва учириш тизимларига қаратилганини айтган. Америкалик бу билан Вашингтон ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан фойдаланганини иддао қилган.
Эслатиб ўтамиз, 12 январь куни АҚШ ва Буюк Британия Ямандаги 60 та объектга, жумладан, радарлар, ҳаво мудофаа тизимлари, омборлар, дрон ва ракеталарни учириш жойларига ҳужум қилганди. Ҳусийлар АҚШ ва Британиянинг ҳужуми оқибатида беш аскари ҳалок бўлганини маълум қилган.
13 январь ва 16 январь куни АҚШ кучлари яна Ямандаги ҳусийлар томонидан назорат қилинадиган ҳудудларга зарба берди.