АҚШ Ўзбекистонни Россия билан савдо масаласида алоҳида рўйхатга киритди

Олам

image

АҚШ Молия вазирлиги Ўзбекистонни санкция қўйилган товарларни Россия ва Беларусга олиб кириш учун “транспорт пунктлари” рўйхатига киритди.

Молиявий жиноятларга қарши кураш тармоғи ҳамда Молия вазирлигининг Саноат ва хавфсизлик бюроси баъзи ҳолларда назорат қилинадиган товарлар қонуний равишда тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш учун хомашё сифатида экспорт қилиниши мумкинлиги ҳақида изоҳ берган. Бироқ, ушбу маҳсулотларни келгусида Россия ва Беларусга қўшимча “транспорт пунктлари” ҳисобидан жўнатиш тақиқланиши мумкин.

Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон Марказий Осиёдаги “транспорт пунктлари” рўйхатига киритилди. Бундан ташқари,  рўйхат Арманистон, Бразилия, Грузия, Ҳиндистон, Исроил, Хитой, Мексика, Никарагуа, БАА, Сербия, Сингапур, Тайвань, Туркия ва Жанубий Африкани ўз ичига олган. Бироқ, рўйхат фақат бу давлатлар билан чекланмайди, дейилади Молия вазирлиги шарҳида.

Саноат ва хавфсизлик бюросининг таъкидлашича, ҳарбий мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган ускуналар, хусусан, самолёт қисмлари, гидроакустик тизимлар, спектрофотометрлар, GPS тизимлари ва бошқа маҳсулотлар бу масалада “алоҳида ташвиш уйғотади”.

Қайд этиш жоизки, 17 та давлатдан иборат ушбу рўйхат уларнинг реекспортга алоқадорлигини билдирмайди, бироқ “экспорт билан боғлиқ молиявий операциялар янада чуқурроқ текширилиши” шарт.

Маълумот учун, АҚШ ва Европа давлатлари қатор товарлар, жумладан, юқори технологик ускуналар, нефть-газ саноатида фойдаланиладиган ҳамда ҳарбий соҳани ривожлантириш учун зарур бўлган воситаларни Россияга етказиб беришни тақиқлаб қўйган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Савдо вазирлиги тўққиз мамлакатнинг 36 компаниясини Россия ҳарбий ва мудофаа саноатини қўллаб-қувватлагани учун санкциялар рўйхатига киритганди. Уларнинг орасида Ўзбекистондан ҳам бир компания қайд этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ-Ўзбекистон

Баҳолаганлар

578

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг