АҚШ Ўзбекистон компаниясига санкция киритди

Олам 30624
image
-

АҚШ Савдо вазирлиги тўққиз мамлакатнинг 36 компаниясини Россия ҳарбий ва мудофаа саноатини қўллаб-қувватлагани учун санкциялар рўйхатига киритди. Улар орасида Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган “Promcomplektlogistic” хусусий корхонси ҳам бор. 

“Қора рўйхат”га тушган 36 та компаниянинг 25 таси Хитойда, қолганлари Россия, Бирлашган Араб Амирликлари, Литва, Покистон, Сингапур, Буюк Британия, Ўзбекистон ва Вьетнамда жойлашган.

Ўзбекистон компанияси жорий йилнинг 3 мартида санкциялар остида қолган Россия мудофаа саноати таъминотчиси — “Радиавтоматика”га санкциялардан қочишга ёрдам бергани, хусусан, унга микрочиплар етказиб бергани учун “қора рўйхат”га киритилган.

“Ўзбекистон компанияси мулки ва мулкий манфаатлари блокланган юридик шахс “Радиавтоматика” компаниясига моддий ёрдам кўрсатган, ҳомийлик қилган ёки молиявий, моддий ва технологик ёрдам, товарлар ёки хизматлар кўрсатгани учун чекловларга дуч келди”, дейилади тегишли ҳужжатда.

Шундай қилиб, “қора рўйхат”га киритилган юридик шахсларнинг АҚШдаги барча активлари музлатилган. АҚШ компанияларига “Promcomplektlogistic” билан бизнес қилиш тақиқланган. Энди уларга маҳсулот ёки хизматлар етказиб беришни хоҳловчи Америка компаниялари мамлакат Савдо вазирлигидан махсус лицензия олиши керак.

Маълумот учун, “Promcomplektlogistic” компанияси 2018 йилда ташкил этилган. Устав капитали 10 миллион сўм. Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида рўйхатдан ўтган. Компания логистика билан шуғулланади. Очиқ маълумотларга кўра, корхонанинг 100 фоиз улуши Олег Грабилинга тегишли. У Россиядаги яна бир нечта компанияларга эга.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1271
Рейтинг: 3
t
×