АҚШ – Ўзбекистон табиий бойликлари маконидаги янги ўйинчи (видео)
Жамият
−
17 Сентябрь
11857Кеча, 16 сентябрь куни АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Ҳеник ҳамда Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Омонулло Насриддинхўжаев икки давлат ўртасида фойдали қазилмалар бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ўзаро англашув меморандумини имзолади. Бу ҳақда ҳужжатни имзолаш маросимидан QALAMPIR.UZ мухбири хабар берди.
“Жаҳон иқтисодиёти жуда-жуда тез ривожланмоқда. Энг тез ривожланаётган соҳалардан бири бу яшил иқтисодиётдир. Уларга электрон транспорт воситалари, қуёш энергияси, шамол энергиясини ривожлантириш киради. Буларнинг барчаси янги технологияларни ва жуда катта миқдордаги муҳим минералларни талаб қилади. Қўшма Штатлар ва бутун дунё бўйлаб ҳамкорларимиз бу муҳим минералларни самарали қазиб олиш, улардан фойда кўриш ва ривожланаётган саноатларни қўллаб-қувватлайдиган кучли таъминот занжирларини яратиш учун потенциал йирик етказиб берувчилар бўлган мамлакатлар билан ҳамкорлик қилиш жуда муҳим эканлигини тушунади. Биз Қўшма Штатлар ушбу муҳим саноатда энг яхши технологияларга эга эканлигига ишонамиз. Шунинг учун Қўшма Штатлар Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиши табиий эди, чунки Ўзбекистон кўплаб минералларнинг дунёдаги энг йирик захираларига эга. Бу бизга ҳукуматдан ҳукуматга, шунингдек, саноатдан саноатга ҳамкорлик қилиш имконини берадиган сиёсий асосни яратишга ёрдам беради. Шундай қилиб, биз бу келажакда янада чуқурроқ ҳамкорликнинг бошланиши бўлишига умид қиламиз”, деди элчи Ҳеник ОАВ вакиллари билан суҳбатда.
Шунингдек, элчи саноатда қийинчиликлар бўлиши мумкинлигини ҳам истисно қилмади. Қазиб олиш ҳақида гап кетганда, кўплаб қидирув ишларини бажариш, захираларни исботлаш, қазиб олиш учун эса катта инвестициялар талаб қилинади. Баъзан бу экологик жиҳатдан ҳам қийин.
“Бу тўсиқ ва қийинчиликларнинг барчаси, менимча, олдинда. Аммо, ўйлайманки, Америка ва Ўзбекистондаги компаниялар ўртасидаги ҳамкорлик натижасида бу қийинчиликларни енгиш учун жуда яхши имконият бўлади”, деди Ҳеник.
Унинг айтишича, Америка компаниялари Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки кунлариданоқ мамлакатда фаолият юритиб келмоқда. Аммо ушбу муҳим ва камёб ер минералларини аниқлаш борасидаги ҳамкорлик сўнгги бир неча йил ичида пайдо бўлган.
“Биз ушбу меморандум устида тахминан бир йилдан бери ишлаяпмиз. Ўзбекистон АҚШ, Европа Иттифоқи ва G7’га аъзо бошқа давлатлар бошчилигидаги минераллар хавфсизлиги бўйича муҳим ҳамкорликка таклиф этилди ва унга қўшилди. Шундай қилиб, бу давом этаётган саъй-ҳаракатларнинг яна бир муҳим босқичи ҳисобланади”, деди элчи.
Қайд этиш жоизки, фойдали қазилмалар бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ўзаро англашув меморандумини имзолаш маросими Ўзбекистон ҳукуматининг 2024 йил 24-26 сентябрь кунлари АҚШнинг Невада штати Лас-Вегас шаҳрида бўлиб ўтадиган тоғ-кон саноатидаги энг йирик глобал тадбир – “MINExpo INTERNATIONAL” кўргазмасида иштирок этиши арафасида бўлиб ўтди.
2023 йил сентябрда Нью-Йоркда бўлиб ўтган C5+1 саммитида АҚШ Президенти Жо Байден, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон етакчилари фойдали қазилмалар бўйича мулоқотни бошлаш ниятида эканликларини эълон қилганди. Ушбу меморандум Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистоннинг ўша саъй-ҳаракатларни илгари суриш, иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Марказий Осиёнинг ноёб экотизимларини ҳимоя қилиш билан бирга тоза энергияга ўтиш жараёнини олға сурувчи инвестицияларни жадаллаштириш ниятида эканидан далолат беради.
Минераллар ва ноёб ер элементлари тоза энергия ва бошқа технологиялар учун зарур бўлиб, иқтисодиётда тобора муҳим роль ўйнамоқда. Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистоннинг тоғ-кон саноатига хусусий сектор сармоясини жалб қилиш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Ушбу меморандум келгусида глобал кончилик соҳасида юқори экологик, меҳнат ва бошқарув стандартларини таъминлашга қаратилган умумий мақсадни ўзида акс эттиради.
“АҚШ ва Ўзбекистон келажакда энергетика соҳасини шакллантирадиган мустаҳкам ва хавфсиз таъминот занжирларига эга бўлиш учун ҳамкорлик қилиши лозим. Ушбу меморандум глобал минерал таъминот занжирларини диверсификация қилиш ва икки томонлама савдо алоқаларимизни кенгайтириш бўйича умумий мажбуриятимизни намойиш этади. Биз Ўзбекистон билан кенгайиб бораётган стратегик ҳамкорликнинг навбатдаги босқичини нишонлашдан мамнунмиз”, деди элчи Жонатан Ҳеник.