АҚШ Украинага янги ёрдам юборишга “иштаҳаси йўқлиги”ни билдирди
Олам
−
21 Февраль 2025 5604 2 дақиқа
АҚШ Конгресси мамлакатнинг Украинани молиялаштириш бўйича янги қонун лойиҳасини яратишдан манфаатдор эмас. Бу ҳақда Республикачилар палатаси спикери Майк Жонсон маълум қилди.
“Биз можарога чек қўйишимиз керак. Сизга шуни айта оламанки, бизнинг Европадаги иттифоқчиларимиз ҳам бунинг зарурлигини тушунади. Бу жуда узоқ вақтдан бери давом этмоқда”, деди Жонсон.
Шу билан бирга, Олий рада АҚШ Украина сотиб олган қуролларни етказиб беришни тўхтатганини маълум қилди.
“Менинг маълумотларимга кўра, сотувга қўйилган қуроллар тўхтаган. Эртага бу қуролларни топширишга тайёр бўлган компаниялар ҳозир кутмоқда, чунки ҳеч қандай қарор йўқ”, деди рада Мудофаа қўмитаси раҳбари Роман Костенко.
АҚШда Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майкл Уолтц Украинага қурол етказиб беришни тўхтатиш ҳақидаги саволга жавоб берар экан, бу жараёнда “кечикишлар” борлигини тасдиқлади.
“Украинага етказиб берган қуролларимизнинг аксарияти захираларни қисқартириш дастурининг бир қисми бўлиб, биз уларни том маънода ўз захираларимиздан олиб чиқдик ва охир-оқибат, маблағлар орқали захираларимизни тўлдириш учун уларни қайтариб сотиб олишни бошладик. Шуни таъкидлаб ўтаманки, кўп ҳолларда бу жараёнда кечикишлар бўлган. Бутун дунё бўйлаб операцияларимизга назар ташлар эканмиз, кўплаб захираларимиз тобора камайиб бормоқда”, деди Уолтц Оқ уйдаги матбуот анжуманида.
Оқ уй матбуот котибининг қўшимча қилишича, бу – можаронинг тугаш вақти ҳақидаги хавотирларнинг сабабларидан бири. У, шунингдек, АҚШ Президенти Дональд Трамп бор эътиборини жангларни тугатишга қаратганини таъкидлади.
Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакатнинг АҚШ ёрдамисиз “омон қолиш” имконияти жуда паст эканлигини таъкидлаганди. Трамп инаугурациясидан сўнг расмий Вашингтон қайси дастурларни молиялашда давом этишини аниқлаш учун бошқа мамлакатларга барча инсонпарварлик ёрдамларини 90 кунга музлатиб қўйганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи Украинага ҳарбий техника сотиб олиш учун тахминан 700 миллиард евролик ёрдам пакетини тайёрлаётгани хабар қилинганди. Маълумотларга кўра, ушбу ёрдам пакети ЕИга аъзо давлатлар ўртасидаги қўшма қарз ҳисобидан молиялаштирилиши мумкин, бу механизм коронавирус пандемияси даврида синовдан ўтган.
Live
БарчасиЭнди Саудияда туяларнинг ҳам паспорти бўлади
05 Февраль