ЕИ Украинага 700 млрд евролик ҳарбий ёрдам пакетини тайёрламоқда – ОАВ
Олам
−
18 Февраль 7082 2 дақиқа
Европа Иттифоқи Украинага ҳарбий техника сотиб олиш учун тахминан 700 млрд евролик ёрдам пакетини тайёрламоқда. Бу ҳақда “News Week” хабар берди.
Маълум қилинишича, Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ёрдам кўлами ҳақида фикр билдириб, унинг миқдори 700 млрд евро атрофида бўлиши мумкинлигини айтган.
“Биз катта миқдордаги ёрдам пакетини ишга туширамиз. Евро ёки корона инқирози каби, энди Европада хавфсизликни таъминлаш учун ҳам молиявий пакет мавжуд. Бу яқин келажакда амалга ошади. Биз европаликлар, немислар сифатида Украина томонида ҳарбий, гуманитар ва молиявий кўмак билан қатъий турибмиз. Европаликлар сифатида ўз хавфсизлигимиз учун ҳар қандай масъулиятни ўз зиммамизга оламиз”, дейди Анналена Бербок.
Маълумотларга кўра, ушбу ёрдам пакети Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ўртасидаги қўшма қарз ҳисобидан молиялаштирилиши мумкин, бу механизм коронавирус пандемияси даврида синовдан ўтган.
Европа Иттифоқи ушбу лойиҳани сир сақлашни хоҳлаган, бироқ Бербок бу маълумотни АҚШ расмийлари Европа расмийларига ўз талабларини билдирганидан кейин ошкор қилган.
Хабарда айтилишича, харажатлар режаси Германияда 23 февраль куни бўлиб ўтадиган сайловлар якунига қадар эълон қилинмайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европанинг бир қанча давлатлари Россия билан “келажакда тинчлик келишувини таъминлашга кўмаклашиш” учун Украинага қўшин юбориш режаси устида яширинча ишлаётганлиги ҳақида хабар берилган эди.
Бунёд Келдибоев
Live
Барчаси