АҚШ Украинага яна 54,6 млрд доллар ажратмоқчи
Олам
−
01 Август 3307 2 дақиқа
Кеча, 31 июль куни АҚШнинг Республика ва Демократик партияларидан бўлган сенаторлар келаси икки йил ичида Украинага 54,6 миллиард доллар ёрдам ажратишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Конгрессга киритди. Бу ҳақда “The New York Times” хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу маблағнинг учдан бир қисмини Россияга тегишли музлатилган активлар даромадидан молиялаштириш таклиф қилинмоқда.
Ташаббус муаллифлари – Демократик партиядан ташқи ишлар бўйича қўмитада аъзо бўлган Жинн Шейхин ва Республикачи сенатор Лиза Меркауски саналади. Режага кўра, жами маблағнинг 18,2 млрд доллари Россиянинг конфискация қилинган активлари ва Европа Иттифоқи давлатларига қурол сотишдан келадиган даромад эвазига қопланади. Бундан ташқари, АҚШ Украинадаги ноёб ер металлари қазиб олишдан келадиган фойдани ҳам бу дастурга йўналтирмоқчи.
Қонун лойиҳаси нафақат ҳарбий ёрдамни, балки АҚШнинг ўз мудофаа захираларини тўлдиришни ҳам назарда тутади. Маблағларнинг асосий қисми Украинага юборилган қуролларнинг ўрнини босадиган янги қуролларни харид қилишга сарфланади. Шунингдек, бу қонун лойиҳаси АҚШ Президентига Конгресс розилигисиз Украинага қурол етказиб беришга рухсат беради.
Бироқ “The New York Times” нашри бу қонун лойиҳаси Республикачилар партияси томонидан кенг қўллаб-қувватланмаслиги мумкинлигини ёзган.
Маълумот учун, 2022 йил февралидан бери АҚШ Конгресси Украинага жами 174 млрд долларлик ёрдамни ўз ичига олган бешта пакетни маъқуллаган. Энг сўнгги пакет 2024 йилнинг апрель ойида 61 млрд доллар миқдорида тасдиқланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 июль куни Оқ уй раҳбари Дональд Трамп Россияга Украина билан сулҳга эришиш учун 10 кун муддат берган эди. Бу муддат 8 августда тугайди. Бунгача 50 кунлик муҳлат белгилаган эди. Кремль эса Трампнинг навбатдаги баёнотларини “эътиборга олди” ва Россия санкцияларга нисбатан “муайян иммунитетга” эга эканини маълум қилди.
Live
Барчаси