АҚШ таклиф қилган резолюцияга Россия ва Хитой вето қўйди

Олам

image

Россия ва Хитой БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Яқин Шарқдаги вазият бўйича АҚШ томонидан таклиф этилган резолюция лойиҳасига вето қўйди. Бу ҳақда ташкилот сайтида маълум қилинди.

АҚШ томонидан таклиф қилинган ҳужжатни ўнта давлат қўллаб-қувватлаган. Россия, Хитой ва Бирлашган Араб Амирликлари эса бунга қарши чиққан. Яна икки давлат – Мозамбик ва Бразилия бетараф қолган.

Таъкидланишича, АҚШ таклиф этган резолюцияда ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми қораланган, шунингдек, гаровга олинганларни озод қилиш ва халқаро гуманитар қонунларга риоя қилишга чақирилган. Ҳужжатда ўт очишни тўхтатишга чақирилмаган, балки мамлакатларнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи тан олинган.


 
Шу билан бирга, резолюцияда Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказилишига рухсат бериш учун ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилиниши қайд этилган.

Хитой БМТдаги вакили Чжан Жуннинг тушунтиришича, Хитой томони Америка резолюциясини тўсиб қўйишининг сабаби – у дунёнинг можаро зонасида ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги чақириғини тўлиқ акс эттирмаслигида. Бундан ташқари, Қўшма Штатлар алоҳида давлатларнинг ушбу ҳужжатга тузатиш киритиш бўйича таклифларига қулоқ солмаган.

“Таклиф этилаётган резолюция аввалги лойиҳаларнинг "руҳидан четга чиқади" ва куч ишлатишни оқлайди. Резолюция лойиҳаси Ғазодаги гуманитар инқирознинг асосий сабабларини танлаб аниқлайди ва Фаластин давлатчилиги масаласини кўриб чиқмайди”, дея қўшимча қилган Хитой вакили.

Ўз навбатида, Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя Қўшма Штатлар БМТ Хавфсизлик Кенгаши қарорлари Исроилнинг Ғазодаги “мумкин бўлган кучли ҳаракатлари”га таъсир қилишини истамаслигини айтди. У ҳужжатда белгиланган қоидаларни сиёсийлашган, номақбул ва шубҳали деб атади. Шунингдек, Небензя АҚШ делегацияларнинг резолюция бўйича изоҳларини "эътиборсиз қолдирганини" таъкидлади.

Дипломат лойиҳа матнида ўт очишни тўхтатиш чақириқлари йўқлигига эътибор қаратди.

“Таклиф этилаётган резолюция Ғазодаги тинч аҳоли ва фуқаролик объектларига беғараз ҳужумларни қораламайди ва тинч аҳолини мажбуран кўчиришга қаратилган ҳар қандай ҳаракатларни инкор этмайди”, дейди Россия вакили.

Унинг сўзларига кўра, ҳужжат муаллифлари уни Ғазода қуруқликдаги операция амалга ошишига ҳеч нарса  тўсқинлик қилмаслиги учун тузган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ БМТ Хавфсизлик Кенгаши Россиянинг можаро бўйича резолюция лойиҳасини кўриб чиққан ва уни рад этганди. Кейинчалик Бразилиянинг Яқин Шарқ резолюцияси лойиҳаси ҳам рад этилди, чунки Қўшма Штатлар вето ҳуқуқидан фойдаланди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Хитой БМТ Исроил Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг