БМТ Хавфсизлик кенгаши Россиянинг Ғазо бўйича таклифини рад этди
Олам
−
17 Октябрь 2023
13307Кеча, 16 октябрь куни кечқурун БМТ Хавфсизлик кенгаши Исроил ва ҲАМАС жангарилари ўртасидаги 10 кунлик жанглар оқибатида вайрон бўлган Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга чақирган Россия томонидан таклиф қилинган резолюцияни қабул қилмади. Бу ҳақда БМТ расмий сайтида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Россия томонидан таклиф этилган резолюция лойиҳаси бешта делегация (Хитой, Габон, Мозамбик, Россия ва Бирлашган Араб Амирликлари) томонидан қўллаб-қувватланган, тўрт мамлакат (Франция, Япония, Буюк Британия ва АҚШ) қарши чиққан ва олти давлат (Албания, Бразилия, Эквадор, Гана, Мальта ва Швейцария) бетараф қолган.
Ҳужжатда зудлик билан гуманитар ўт очишни тўхтатиш, барча гаровга олинганларни озод қилиш, гуманитар ёрдамдан фойдаланиш ва тинч аҳолини хавфсиз эвакуация қилиш талаб қилинган.
Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя овоз бериш натижаларидан афсусдалигини билдириб, “Ғарб делегациялари блокини худбин интилишларда” айблади.
"Бугун бутун дунё Хавфсизлик Кенгаши қон тўкилишини тўхтатиш бўйича қатъий қадамлар қўйиши мумкинлигини кутган ҳолда қотиб қолди, аммо Ғарб давлатлари делегациялари бу умидларни ҳам пучга чиқарди", деган россиялик дипломат.
АҚШнинг БМТдаги элчиси Линда Томас-Гринфилд овоз беришдан сўнг, Россия ҳеч қандай маслаҳатлашувларсиз ўз резолюциясини илгари сурганини айтган.
“Резолюцияда ҲАМАС ҳақида гапирилмаган, бу ҳақда бирор сўз ҳам йўқ. Россия ҲАМАСни қораламаслик билан бегуноҳ фуқароларни шафқатсизларча қириб ташлаган террорчи гуруҳни оқлаяпти. Бу ғалати. Бу иккиюзламачилик ва кечириб бўлмайдиган нарса”, деган у.
Россия резолюциясига муқобил равишда Бразилия таклиф қилган “ҲАМАС террор ҳужумлари”ни қоралаб, ўт очишни тўхтатиш ўрнига “инсонпарварлик паузасини” талаб қилувчи лойиҳа илгари сурилган. Мазкур ҳужжат бўйича овоз бериш БМТ Хавфсизлик кенгашининг навбатдаги йиғилишига қолдирилган.
Мазкур резолюция қабул қилиниши учун доимий аъзолардан бирортаси (Россия, Хитой, АҚШ, Франция ва Буюк Британия) вето ҳуқуқидан фойдаланмаса, 15 тадан тўққизта овоз керак бўлади.
LiveБарчаси