АҚШ БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Ғазо бўйича резолюциясига вето қўйди

Олам

image

Кеча, 18 октябрь куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши Яқин Шарқ бўйича Бразилия таклиф қилган резолюцияни қабул қила олмади. Лойиҳани 12 давлат қўллаб-қувватлади, иккита давлат, жумладан, Россия бетараф қолди. Аммо АҚШ резолюцияга вето қўйди. Бу ҳақда БМТ расмий саҳифасида маълум қилинди.

АҚШнинг БМТдаги элчиси Линда Томас-Гринфилд овоз беришдан сўнг сўзлаган нутқида Бразилия таклиф қилган резолюция лойиҳасида Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига оид сўзлар йўқлигини айтган. Шунинг учун АҚШ унга вето қўйган.

“Дунёдаги бошқа ҳар қандай давлат сингари, Исроил ҳам БМТ Низомининг 51-моддасида акс эттирилганидек, ўзини-ўзи мудофаа қилишда шубҳасиз ҳуқуқли. “Ал-Қоида” ва ИШИД каби гуруҳларнинг олдинги терактларидан сўнг, Кенгаш бу ҳуқуқни тасдиқлади. Бу резолюция матнида ҳам амалга оширилиши керак эди”, деган у. 

Россия томони эса Бразилия лойиҳасига иккита тузатиш киритган. Бироқ уларнинг ҳеч бири керакли миқдордаги овозни ололмаган. 

“Уларни қўллаб-қувватламаган ёки уларга қарши овоз берган делегациялар, асосан, Яқин Шарқдаги қон тўкилишини тўхтатишга қарши эди. Бошқа изоҳ бўлиши мумкин эмас”, дейди Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 октябрь куни кечқурун БМТ Хавфсизлик Кенгаши Россия таклиф қилган резолюцияни қабул қила олмаганди. Ҳужжат муаллифлари Исроил ва ҲАМАС жангарилари ўртасидаги 10 кунлик жанглар оқибатида вайрон бўлган Ғазо секторида гуманитар ўт очишни тўхтатишга чақирган. Россия томонидан таклиф этилган резолюция лойиҳаси беш делегация (Хитой, Габон, Мозамбик, Россия ва Бирлашган Араб Амирликлари) томонидан қўллаб-қувватланди, тўрт мамлакат (Франция, Япония, Буюк Британия ва АҚШ) қарши чиқди ва олти давлат (Албания, Бразилия, Эквадор, Гана, Мальта ва Швейцария) бетараф қолди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия БМТ Бразилия Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг