АҚШ Россияни ёмонотлиқ қилиш орқали Европага ўз газини сотишга уринмоқда – Жювен
Олам
−
23 Февраль 2022
14922АҚШ ва Буюк Британиянинг Украина инқирозини ҳал қилишдаги ҳаракатлари аслида Европа Иттифоқини бўйсундиришга қаратилган. Бу ҳақда Франция парламенти депутати, Европарламентнинг хавфсизлик ва мудофаа бўйича қўмитаси аъзоси Эрве Жювен айтиб ўтган.
“Ҳақиқий қийинчилик Украина эмас. АҚШ ва Буюк Британия учун асосий муаммо ЕИни ўзига бўйсундириш ва иттифоқ давлатлари томонидан мустақилликка бўлган ҳар қандай иродани йўқ қилишдир. Ўйлашимча, британияликлар Европа Иттифоқидан қасос олиш учун ажойиб имкониятдан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда”, дея таъкидлаган Жювен.
Шунингндек, Жювен Вашингтон “уруш чиқарувчи” ролини ўйнаб, “биров орқали уруш олиб боришни” афзал кўришини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар Европа Иттифоқини АҚШнинг суюлтирилган газини сотиб олишга мажбурламоқчи, бу эса Россия табиий газидан анча қимматроқ ва экологик жиҳатдан ҳавфсиз эмас.
Айтиш жоизки, Россия Донецк ва Луганск халқ республикалари (ДХР ва ЛХР) мустақиллигини тан олганидан кейин, Германия канцлери Шольц “Шимолий оқим – 2” газ қувурини сертификатлаш жараёнини тўхтатиш ҳақида буйруқ берди.
АҚШ маъмурияти эса Германия билан ҳамкорликда Россиянинг “Шимолий оқим – 2” газ қувури ишга туширилмаслиги учун ҳаракат бошлаган.
Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ Президенти Жо Байден айрим шахсларнинг мулкини блоклаш ва айрим операцияларни тақиқловчи фармон қабул қилди. Ҳужжат ДХР ва ЛХРга сармоя киритишни, шунингдек, ушбу минтақалардан ҳар қандай товарлар, хизматлар ёки технологияларни Қўшма Штатларга импорт қилишни тақиқлайди.
Бундан ташқари, Қўшма Штатларда жойлашган ёки кейинчалик АҚШга кирадиган, ДХР ва ЛХР билан боғлиқ шахсларга тегишли бўлган барча мулк ва мулкдаги улушлар блокланади.
Россия иқтисодиёти ҳам Путиннинг қароридан ларзага келди. Гап шундаки, рус биржаларида кескин пасайиш кузатилди. Мамлакат иқтисоди учун тиргак бўлувчи компаниялар акциялари "қулади".
Шунингдек, Вашингтон Россиянинг ўзига ҳам санкция киритди. Чекловлар давлат суверен қарзи ва банкларига тааллуқли бўлди. Унинг ортидан Европа Иттифоқи, Канада, Буюк Британия, Австралия ва Япония ҳам Москвага қарши иқтисодий чекловлар жорий қилди.
LiveБарчаси