“Қаттиқ зарба”. ЕИ ҳам Путиннинг қарори ортидан Россияга қарши санкция жорий қилди

Олам

image

Европа Иттифоқи мамлакатлари Ташқи ишлар вазирлари Россиянинг Украина шарқида россияпараст сепаратистлар томонидан ташкил этилган Донецк ва Луганск халқ республикаларини (ДХР ва ЛХР) тан олиши муносабати билан жорий қилинадиган биринчи санкциялар пакети бўйича келишиб олди. Бу ҳақда Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан маълум қилди.

“Биз бир овоздан санкцияларнинг биринчи пакети бўйича келишиб олдик”, деган Ле Дриан Парижда Европа Иттифоқи ташқи ишлар бўйича норасмий кенгашидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида. 

Унга кўра, бу муҳим нуқта. Бироқ, Ле Дриан санкциялар мазмунига аниқлик киритмаган. У батафсил маълумот бериш учун сўзни Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррелга берган. 

Боррель, ўз навбатида, Европа Иттифоқи Россияга қарши қабул қилишга тайёрланаётган санкциялар пакети мамлакатга қаттиқ зарба беришини қайд этган. 

“Ушбу санкциялар пакети аъзо давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланди. Бу чоралар Россияга таъсир қилади ва қаттиқ зарба беради”, деган Боррель. 

У, шунингдек, ЕИ сўнгги соатларда яқин алоқада бўлган АҚШ, Буюк Британия ва Канада билан келишилган ҳолда ҳаракат қилаётганини таъкидлаган. 

Ким санкциялар остига тушади? 

“Бугун биз Россия Давлат Думасининг халқаро ҳуқуқнинг бузилиши учун овоз берган 351 нафар аъзоси санкциялар рўйхатига киритилишига келишиб олдик”, деган Боррель матбуот анжумани чоғида. 

Шунингдек, Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига путур етказиш ёки таҳдид қилишда роль ўйнаган 27 нафар жисмоний ва юридик шахсга нисбатан санкциялар қўлланилиши айтилган. 

Таъкидланишича, Донбасс ҳудудидаги операцияларни молиялаштирадиган банклар ҳам санкциялар остида қолади. Боррель бу банкларнинг номларини айтмаган. 

Кеча, 22 февраль куни Давлат Думаси Донецк ва Луганск халқ республикалари билан дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги шартномаларни ратификация қилди. Қарор палата томонидан бир овоздан қабул қилинди, шартнома учун 400 киши овоз берди. Айни пайтда, Европа Иттифоқи фақат 351 депутатга нисбатан санкциялар жорий қилади. 

Европа Иттифоқи Россияни кузатиб боради 

“Биз Россиянинг хатти-ҳаракатларини кузатиб борамиз ва санкциялар даражасини оширишга тайёр бўламиз”, деган Боррель. 

Шу билан бирга, Боррель Россия Федерациясининг Украина билан боғлиқ режалари ҳақида гапирар экан, “кўп саволлар очиқ қолаётганини” таъкидлаган. 

Евроиттифоқ дипломатияси раҳбари, шунингдек, Украина атрофидаги вазиятни Россия билан дипломатик йўл орқали ҳал қилишга уринишларини ҳам таъкидлаган. 

“Биз ҳар қандай ҳолатда ҳам можаронинг олдини олишимиз керак. Биз Россияни музокараларга қайтариш учун ишимизни давом эттирамиз”, деган у. 

Унинг қайд этишича, Европа Иттифоқи, хусусан, БМТ доирасида бундай ишларни олиб боради. 

Эслатиб ўтамиз, АҚШ ҳам Россиянинг суверен қарзлари, бир нечта банк ва компанияларга қарши янги санкциялар киритди. 

Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ Президенти Жо Байден айрим шахсларнинг мулкини блоклаш ва айрим операцияларни тақиқловчи фармон қабул қилди. Ҳужжат ДХР ва ЛХРга сармоя киритишни, шунингдек, ушбу минтақалардан ҳар қандай товарлар, хизматлар ёки технологияларни Қўшма Штатларга импорт қилишни тақиқлайди.

Бундан ташқари, ушбу фармон ўзини мустақил деб эълон қилган республикаларда ҳаракат қилишга қарор қилган ҳар қандай шахсга нисбатан жазо чораларини қўллаш имконини беради.

Қўшма Штатларда жойлашган ёки кейинчалик АҚШга кирадиган, ДХР ва ЛХР билан боғлиқ шахсларга тегишли бўлган барча мулк ва мулкдаги улушлар блокланади.

Қолаверса, 22 февраль куни Европа Иттифоқи Россия армиясини молиялаштирган учта банкка нисбатан санкциялар жорий қилиши кутилмоқда. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия ЕИ

Баҳолаганлар

160

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг