АҚШ Покистон ва Ҳиндистон орасига тушмоқчи

Олам

image

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио кеча, 9 май куни Покистон армияси бош қўмондони генерал Асим Мунир билан телефон орқали суҳбатда Ҳиндистон билан можарони ҳал қилишда ёрдам беришни таклиф қилди. Бу ҳақда АҚШ давлат департаментининг расмий сайтида маълум қилинди.

“У иккала томонни ҳам кескинликни камайтириш йўлларини топишга чақирди ва келажакдаги можароларнинг олдини олиш учун конструктив музокараларни бошлашда АҚШ ёрдамини таклиф қилди”, дейилади Давлат департаменти хабарида.

Билдирилишича, олдинроқ Рубио Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ва Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири Субраманям Жайшанкар билан ҳам қўнғироқлашиб, томонларни вазиятни юмшатишга чақирган.

Шу билан бирга, АҚШ вице-президенти Жеймс Дэвид Вэнс Ҳиндистон-Покистон можароси АҚШга бевосита алоқадор эмаслигини, улар унга аралашмаслигини, аммо тинчлик тикланишига умид қилишини айтганди.

“Биз қила олишимиз мумкин бўлган нарса бу кескинликни бироз пасайтиришга ундашдир, аммо биз урушнинг авж олишига аралашмоқчи эмасмиз, бу аслида бизга тегишли эмас ва Американинг уни назорат қилиш қобилиятига ҳеч қандай алоқаси йўқ”, деган эди Вэнс.

Унинг қўшимча қилишича, “Америка ҳиндларга ҳам, покистонликларга ҳам қуролни ташлашни буюра олмайди”.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучлари қанот қўмондони Вьомика Сингҳ “The Times of India” нашрига берган интервьюсида Покистон қўшинларини Ҳиндистон билан чегарага яқинлаштираётгани, бу эса кескинликни янада кучайтириш мақсадидаги ҳужум ниятидан далолат бериши ҳақида гапирган эди.

Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги вазиятнинг кескинлашуви

22 апрель куни Ҳиндистоннинг Кашмир ҳудудида қуролланган шахслар сайёҳлар гуруҳига ўқ узди. Оқибатда 20 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Воқеа содир бўлган Паҳалгам шаҳри машҳур сайёҳлик маскани ҳисобланади. У Ҳиндистон ва Покистон даъво қилаётган баҳсли ҳудудда жойлашган.

Ҳиндистон ҳукумати Кашмирдаги терактдан кейин ўтказилган фавқулодда йиғилишда Покистонга нисбатан кенг кўламли дипломатик ва виза блокадаси жорий этишга қарор қилди. Йиғилиш якунида Ҳиндистон 1960 йилда тузилган Ҳинд дарёси бўйича сув битимини тўхтатишга қарор қилди. Бундан ташқари, Покистон билан ягона расмий қуруқликдаги чегара пункти – Аттари ёпилди. Покистон фуқароларига визасиз кириш дастури тўхтатилди ва икки давлатдаги дипломатик ходимлар сони қисқартирилди.

Шундан сўнг Покистон ҳукумати Ҳиндистоннинг сув оқимини тўхтатиш ёки буриб юборишга уриниши ҳаракатини “уруш ҳаракати” сифатида баҳолашини билдирди. Кейинчалик Покистон Мудофаа вазирлиги ижтимоий тармоқларда Ҳиндистонга қарши урушга тайёрлигини билдириб, бир қатор баёнотлар ва видеолар эълон қилди.

30 апрель куни Покистон Ахборот вазири ижтимоий тармоқдаги баёнотида Ҳиндистон уларни 24-36 соат ичида ҳужум қилишни режалаштираётгани ҳақида ишончли разведка маълумотлари борлигини айтди. Ҳиндистон бу баёнотга изоҳ бермади. Шу билан бирга, ОАВ Покистон Ҳиндистон билан чегарада 6 бор ўт очишни тўхтатиш режимини бузганини хабар қилди.

7 майга ўтар кечаси тунда Ҳиндистон Покистонга ракета зарбаси йўллади. Исломобод буни уруш ҳаракати деб атаб, жавоб зарбалари берди. Можаронинг кескинлашувига БМТ, АҚШ, Хитой, Қирғизистон ва Исроил муносабат билдирди. Ўзбекистон ҳам Ҳиндистон ва Покистонни вазминликка чақирди.

8 май куни икки мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари ўртасида бўлиб ўтган ҳаво жангида жами 125 та ҳарбий самолёт бир соатдан ортиқ вақт давомида жанг қилди ва бу авиация тарихидаги энг йирик ва энг узоқ давом этган ҳаво жангларидан бири бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Марко Рубио Ҳиндистон ва Покистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг