Бўғоз учун жанг ёхуд Ҳормуз келажаги

Олам

image

Дунё харитасида кичикгина чизиқдек кўринган Ҳормуз бўғози аслида глобал иқтисод ва хавфсизликнинг юраги билан боғланган қон томиридир. Энергия оқимларининг асосий қисми айнан шу тор сув йўлаги орқали ўтади, шу боис у фақат географик объект эмас, балки сиёсий босим ва геосиёсий ўйинлар марказига айланган. Бугунги кескинлашган халқаро вазият, айниқса Яқин Шарқдаги урушлар бу бўғознинг нақадар нозик ва стратегик аҳамиятга эга эканини янада равшан кўрсатмоқда.

Жорий йилнинг 17 апрель куни бўғоз очилгани ҳақидаги хабарлардан сўнг, глобал бозорларда қисқа муддатга бўлсада нархлар пасайди. Аммо Исроил ва Ливан ўртасида тузилган келишувнинг тез орада бузилиши вазиятни яна кескинлаштирди. Натижада, Эрон бўғозни қайта ёпиш орқали қўлидаги “қартасини” ишга солди. Хўш, ушбу “спектакль” давоми қандай бўлади, комедия ёки трагедия?

Ҳормуз атрофида нималар бўляпти?

Бугун Ҳормуз бўғози АҚШ учун қайтарилиши лозим бўлган стратегик ютуқ сифатида кўрилмоқда. Чунки дунё бўйлаб экспорт қилинаётган нефтнинг қарийб 20–25 фоизи айнан шу тор йўлак орқали ўтади. Бу эса, кунига ўртача 20 миллион баррель энергия ресурслари дегани. Шундай шароитда Эрон ушбу бўғозни ёпиш ёки очиш орқали глобал бозорга бевосита таъсир ўтказа оладиган кучга эга бўлиб қолмоқда.

Сўнгги ҳафтада Яқин Шарқдаги вазият Тошкент об-ҳавоси каби ўзгарувчан бўлди. АҚШ томонидан кучайтирилган денгиз назорати ва амалда блокада сифатида баҳоланаётган чоралар фонида нефть нархлари кескин кўтарилди. Халқаро биржаларда Brent маркали нефть нархи қисқа муддат ичида 8–12 фоизга ошиб, бир баррель учун 100 доллардан юқорига чиқди. Бу кўтарилиш нафақат энергия бозорига, балки глобал инфляция даражасига ҳам босим ўтказди.

Ниҳоят, 17 апрель куни Исроил ва Ливан ўртасида 10 кунлик сулҳ эълон қилингани дастлаб вазиятни юмшатгандек кўринди. Ушбу келишув минтақадаги кескинликни камайтириши, энергия йўлларининг барқарорлигини таъминлаши мумкин эди. 14 апрель куни Исроил ва Ливан 34 йил ичида илк бор Вашингтонда очиқ музокараларга киришди. Саммитга АҚШ давлат котиби Марко Рубио раҳбарлик қилган. Муваффақиятли якунланган музокаралардан сўнг АҚШ Президенти Дональт Трамп ўзини 10 та урушга якун ясаган шахс сифатида эътироф этиб, томонларга миннатдорчилик билдирди.

“Сешанба куни икки давлат 34 йил ичида биринчи марта Вашингтонда Буюк Давлат котибимиз Марко Рубио билан учрашдилар. Мен вице-президент Ж.Д. Ванс ва Давлат котиби Рубиога, шунингдек, штаб бошлиқлари қўшма қўмитаси раиси Ден Разин Кейнга Исроил ва Ливан билан биргаликда узоқ муддатли ТИНЧЛИКка эришиш учун ишлашни буюрдим. Дунё бўйлаб 9 та урушни ҳал қилиш мен учун шараф бўлди ва бу менинг 10-урушим бўлади, шунинг учун келинг, БУНИ БАЖАРАЙЛИК!”, деб ёзади Трамп ўзининг “Truth Social” тармоғида.

АҚШ блокадаси туфайли сув логистикасида муаммоларга дуч келаётган Эрон учун бу келишув вазиятни яхшилашга қулай фурсат яратди. Тез орада Теҳрон ҳам ўз берган ваъдасини бажариб, Ҳормуз бўғозини вақтинча очди. Бу ҳақида Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Х саҳифасида қуйидагича баёнот берди:

“Ливандаги сулҳга мувофиқ, Ҳормуз бўғози орқали барча тижорий кемалар учун ўтиш йўли сулҳнинг қолган муддати давомида тўлиқ очиқ деб эълон қилинади. Бу ҳаракат Эрон Ислом Республикасининг Портлар ва денгиз ташкилоти томонидан олдиндан белгиланган мувофиқлаштирилган йўналиш асосида амалга оширилади”, деб ёзади у.

Бу қарор бозорларда ижобий реакция уйғотиб, нархлар бироз пасайишига олиб келди. Хабар эълон қилингач, жаҳон бозорида Brent нефтининг нархи кескин тушиб, тахминан 8-7 фоизга арзонлашди ва 90 доллар атрофида нарх қайд этилган. АҚШ раҳбари ҳам буни йирик ғалаба сифатида эътироф этиб, Эроннинг бу қарорини олқишлади.

Аммо бу “тинчлик танаффуси” жуда қисқа давом этди. Сулҳ эълон қилинганидан бир неча соат ўтиб, Исроил жанубий Ливанга ҳужум бошлади.  Хусусан, Исроил армияси – САХАЛ Ал-Хиям ва Дбейбин шаҳарларига артиллерия зарбалари бергани, шунингдек пулемётлардан ўқ узилгани хабар қилинди. Ғарбий Бекаа ҳудудида эса дрон ҳужумлари қайд этилган. Исроил томоннинг даъволарига кўра, “Ҳизбуллоҳ” ҳам сулҳдан олдинги 24 соат ичида гуруҳ Исроил кучларига қарши ўнлаб ҳужумлар уюштирган.

Бундан ташқари АҚШ денгиз кучлари Эрон портларини блокада қилишни давом эттирди. Бу эса, яна занжирли реакция келтириб чиқарди: Эрон яна кескин чорага ўтиб, Ҳормуз бўғозини қайта ёпганини эълон қилди.

“Эрон Ислом Республикаси аввал эришилган келишувларга амал қилган ҳолда ва хайрихоҳлик кўрсатиб, Ҳормуз бўғози орқали чекланган миқдордаги нефть ва савдо кемаларини назорат остида ўтказишга розилик берган эди.

Бироқ америкаликлар яна бир бор сотқинлик кўрсатиб, блокада ниқоби остида қароқчилик ва денгиз талончилигини давом эттирмоқдалар. Шу муносабат билан Ҳормуз бўғози устидан назорат аввалги ҳолатига қайтарилди ва ушбу стратегик сув йўли Эрон Қуролли Кучларининг қаттиқ бошқаруви ва назорати остида қолмоқда”, дейди “Хатам ал-Анбия” марказий қўмондонлиги расмий вакили.

Бу жараёнлар бир нарсани аниқ кўрсатмоқда: Ҳормуз энди фақат транспорт йўлаги эмас, балки сиёсий “босим дастаги”га айланган. АҚШ уни назорат қилиш орқали глобал энергия оқимларини кафолатлашга уринмоқда, Эрон эса уни ёпиш таҳдиди орқали ўзининг геосиёсий таъсирини оширмоқда. Натижада бу ҳудуд икки куч ўртасидаги стратегик шахмат тахтасига ўхшаб қолмоқда, ҳар бир юриш эса, нафақат минтақавий, балки глобал оқибатларга олиб келмоқда.

Бўғоз келажаги ва халқаро ҳуқуқ

Аслида, Ҳормуз бўғози глобал транзит йўлаги сифатида алоҳида мақомга эга, бу ҳудуднинг ёпилиши ёки чекланиши нафақат минтақавий, балки глобал иқтисодий хавфсизликка тўғридан-тўғри таҳдид ҳисобланади.

Халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан қаралганда, бундай стратегик бўғозларнинг очиқлиги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қабул қилинган UNCLOS (The United Nations Convention on the Law of the Sea) — яъни Денгиз ҳуқуқи бўйича конвенция билан тартибга солинади. Ушбу ҳужжатга кўра, халқаро навигация учун муҳим бўлган бўғозларда “транзит ўтиш ҳуқуқи” кафолатланади ва уни бир томонлама тўсиб қўйиш халқаро ҳуқуқни бузиш сифатида баҳоланади. Аммо муаммо шундаки, бу конвенция барча давлатлар учун мажбурий эмас. Масалан, Эрон ушбу ҳужжатни тўлиқ ратификация қилмаган, бу эса Теҳронга “билганини қилишга” ҳуқуқ беради. Яъни, амалда халқаро норма мавжуд бўлса-да, уни бузганлик учун аниқ ва тезкор жазо механизми йўқ.

Шу нуқтаи назардан, Эроннинг Ҳормузни ёпиш ёки очиш орқали сиёсий босим ўтказиши формал жиҳатдан баҳсли, аммо реал сиёсатда самарали воситага айланган. Эрон расмийлари ва ҳарбий доиралари бу ҳудуд устидан назоратни “миллий хавфсизлик масаласи” сифатида талқин қилмоқда. Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг собиқ қўмондони Иброҳим Азизи томонидан билдирилган фикрлар ҳам шуни кўрсатадики, Теҳрон ҳеч қачон бу стратегик устунликдан воз кечмоқчи эмас.

“Эрон ўтиш ҳуқуқини, жумладан, кемаларнинг бўғоздан ўтишига рухсатномаларни ҳал қилади.  Бу бизнинг ажралмас ҳуқуқимиз. Биз конституциянинг 110-моддасига асосланиб, парламентга қонун лойиҳасини киритмоқдамиз. Унда атроф-муҳит, денгиз хавфсизлиги ва миллий хавфсизлик масалалари қамраб олинган — ва ушбу қонунни қуролли кучлар амалга оширади”, дейди у.

Ҳатто сулҳ музокараларида ҳам Ҳормуз устидан назоратни сақлаб қолиш асосий шартлардан бири сифатида илгари сурилаётгани — бу оддий геосиёсий талаб эмас, балки узоқ муддатли стратегиянинг бир қисми.

“Урушдан кейинги босқичда Эрон учун биринчи устувор вазифа — ўзининг тийиб туриш кучини тиклашдир ва Ҳормуз бўғози Эроннинг асосий стратегик босим воситаларидан биридир. Теҳрон бошқа давлатлар Эроннинг бўғоз бўйича янги тизимидан қандай фойда кўриши мумкинлигини муҳокама қилишга очиқ, бироқ асосий масала — назорат (тўлиқ бошқарув) уларнинг қўлида қолишидир”, деб тушунтиради Теҳрон университети илмий ходими Муҳаммад Эслами.

Бошқа томондан, АҚШнинг минтақадаги ҳарбий фаоллиги ҳам кам баҳсли эмас. БМТ Низомига кўра, ҳарбий блокада фақатгина ўзини ҳимоя қилиш ёки БМТ Хавфсизлик Кенгаши рухсати билан амалга оширилиши мумкин. Аммо бугунги вазиятда АҚШнинг Ҳормуз атрофида олиб бораётган ҳаракатлари кўплаб экспертлар томонидан “де-факто блокада” сифатида баҳоланмоқда. Расмий Вашингтон буни хавфсизлик чораси сифатида изоҳласа-да, амалда бу ҳаракатлар глобал савдо эркинлигига босим сифатида кўриляпти.

Бу жараёнларнинг иқтисодий оқибатлари эса аллақачон сезилмоқда. Сўнгги ҳафталарда нефть нархлари 10–15 фоизга ошди, айрим кунларда Brent нархи 100 доллар чегарасига яқинлашди. Транспорт ҳаражатларининг ошиши эса, глобал инфляцияни кучайтириш хавфини туғдирмоқда. Энг қизиғи, бу ўсиш фақат энергия сектори билан чекланмайди — озиқ-овқат, логистика ва ишлаб чиқариш занжирларига ҳам бевосита таъсир кўрсатади.

Агар Эрон келгусида Ҳормуздан ўтишни тўлов асосида тартибга солишга ҳаракат қилса, бу бутунлай янги босқични бошлаб беради. Бу ҳолатда эркин транзит принципи амалда йўқолади ва глобал савдо йўллари сиёсий воситага айланиши мумкин. Бу эса, нафақат халқаро ҳуқуқни, балки эркин бозор тамойилларини ҳам издан чиқаради.

Хулоса қилиб айтганда, Ҳормуз атрофида юз бераётган воқеалар шуни кўрсатадики, халқаро ҳуқуқ назарияда кучли, аммо амалиётда заиф. Қонунлар мавжуд, лекин уларни мажбурий ижро эттириш механизми етарли эмас. Натижада эса, глобал тизим кучли давлатлар иродасига тобора кўпроқ боғланиб бормоқда. Ҳормуз эса, бу жараённинг марказида турибди — нафақат стратегик бўғоз, балки замонавий геосиёсатнинг энг очиқ ва энг баҳсли саҳнасига айланган.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ Яқин Шарқ Исроил Ливан Эрон Ислом Республикаси Ҳизбуллоҳ Аббос Ароқчи Марко Рубио Ҳормуз UNCLOS

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг