Зеленский АҚШ воситачиларидан норози
Олам
−
12:11 2960 2 дақиқа
Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШ воситачиларини Украинага нисбатан ҳурматсизлик кўрсатишда айблади. У бу ҳақда Украина давлат телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Зеленскийнинг айтишича, АҚШ вакиллари Россияга боришади, аммо Украинага келишмайди. У бу ҳолатни “ҳурматсизлик” деб атаган.
У, айниқса, АҚШ музокарачилари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнерни тилга олган.
Шу билан бирга, Зеленский Украинага келмасликни тушунишини, чунки мамлакат уруш ҳолатида эканини айтган, лекин бошқа халқаро вакиллар барибир Киевга ташриф буюраётганини таъкидлаган.
Унинг фикрича, музокараларда энг муҳим нарса жой эмас, балки натижадир.
Донбас масаласига тўхталиб, Зеленский Украина қўшинларини Донецк ва Луганскдан олиб чиқиш талабини қатъиян рад этган. У буни стратегик мағлубият деб баҳолаган.
Зеленский шунингдек, агар Украина мудофаа чизиғи заифлашса, бу Россияга яна ҳужум қилиш имконини беришини айтиб, хавфсизлик кафолатлари масаласини ҳам кўтарган.
Унинг фикрича, урушни энг тез тўхтатиш йўли ҳозирги фронт чизиғини музлатиш бўлиши мумкин, аммо бу ҳам кўплаб хавфларни ўз ичига олади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский Беларусь Украина билан чегара яқинида йўллар қуриш ва артиллерия позицияларини жиҳозлашни бошлагани ҳақида айтганди. Шу асосда Зеленский бу ҳаракатларни Россиянинг навбатдаги уриниши – Беларусни урушга тортиш режаси билан боғлаган.
Live
Барчаси