АҚШ Миллий разведка раҳбари истеъфога чиқди

Олам

image

АҚШ Миллий разведкаси директори Тулси Габбард АҚШ Президенти Дональд Трамп номига ёзилган истеъфо ҳақидаги аризасини эълон қилди. Бу ҳақда у ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.

“Афсуски, мен жорий йилнинг 30 июнидан бошлаб истеъфога чиқишга мажбурман. Турмуш ўртоғим Авраамда суяк саратонининг кам учрайдиган тури аниқланди. Яқин ҳафталар ва ойларда уни оғир синовлар кутмоқда. Айни пайтда уни ушбу курашда қўллаб-қувватлаш учун давлат хизматини тарк этишим керак”, дейди Габбард.

Унинг истеъфоси ҳақида Дональд Трамп ҳам муносабат билдирди.

“Тулси ақл бовар қилмас даражада улкан ишларни амалга оширди ва биз уни соғиниб қоламиз. Унинг ҳурматли биринчи ўринбосари – Миллий разведка директорининг биринчи ўринбосари Аарон Лукас Миллий разведка директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланади”, деб ёзди Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида. 

Аарон Лукас 55 ёшда бўлиб, 20 йилдан ортиқ вақт давомида МРБ (CIA)да фаолият юритган.

Ушбу воқеалар фонида “Reuters” манбалари Оқ уй аллақачон Габбарднинг фаолиятидан “анчадан бери норози” бўлиб келганини хабар қилмоқда. Бу норозиликнинг аломатларидан бири сифатида, эҳтимол, АҚШнинг Венесуэланинг ағдарилган президенти Николас Мадурони қўлга олиш бўйича ҳарбий операцияси ҳамда Яқин Шарқдаги можаро муҳокамаларида Габбарднинг иштирок этмаганини кўрсатиш мумкин. Норозиликнинг эҳтимолий сабаблари қаторида Габбарднинг собиқ президент Жон Кеннедининг ўлими билан боғлиқ ҳужжатларни махфийликдан чиқариш, сайловларнинг ҳаққонийлиги ва қонунийлигини ҳамда COVID-19 нинг келиб чиқишини ўрганиш бўйича олиб борган ишлари тилга олинмоқда. Хусусан, ўтган йилнинг баҳорида Габбард АҚШ ҳудуди ҳисобланган Пуэрто-Рикодаги овоз бериш тизимлари бўйича тергов ўтказган эди. Ушбу терговдан мақсад Федерал қидирув бюроси билан ҳамкорликда Венесуэла АҚШ ҳудудидаги овоз бериш машиналарини бузиб кириб (хакерлик қилиб), сайлов натижаларига аралашгани ҳақидаги даъволарни ўрганиш эди.

Бундан ташқари, ўтган йили Габбард МРБ учун кутилмаган тарзда, махфийлик ҳуқуқидан маҳрум этилган 37 нафар амалдаги ва собиқ мулозимлар рўйхатига агентликнинг яширин ишлаб юрган юқори мартабали ходимини ҳам киритиб қўйган ва шу тариқа унинг шахсини ошкор қилиб қўйган. Бу ҳолат ҳам АҚШ маъмуриятида жиддий норозиликка сабаб бўлган ва “Reuters” маълумотларига кўра, унинг ишдан бўшатилишига таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Тулси Габбард

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг