АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш ишлари бошланди
Олам
−
30 Апрель 2021
6469АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш ишларини бошлаб юборди. Бу ҳақда Оқ уй Матбуот котиби ўринбосари Карин Жан-Пьер маълум қилган.
"Қўшинларни олиб чиқиш ишлари кетмоқда. Ўтган ҳафта Пентагон раҳбари Ллойд Остин Қуролли Кучлар Марказий қўмондонлигининг АҚШ кучларини Афғонистондан хавфсиз ва тасдиқланган равишда олиб чиқилишини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча маблағ ажратиш тўғрисидаги илтимосини маъқуллади", деган у.
Матбуот котиби ўринбосарининг сўзларига кўра, АҚШ кучлари ва коалиция кучлари чиқиб кетаётганда уларни ҳимоя қилиш учун Марказий қўмондонликнинг зонасида B-52H Stratofortress стратегик бомбардимончилари жойлаштирилган.
Таъкидланишича, АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг Dwight Eisenhower ядровий самолёт ташувчиси ҳозирги миссиясини давом эттиради ва уни июль ойида якунлайди.
Бундан ташқари, Жан-Пьернинг сўзларига кўра, АҚШ маъмурияти шу йил 11 сентябргача бутун Америка контингентининг Афғонистондан олиб чиқилишига ваъда берган.
""Потенциал душманлар" шуни билишлари керакки, қўшинларни олиб чиқиб кетиш пайтида Америкага ҳужум уюштирилган тақдирда, биз ўзимизни ва шерикларимизни барча воситалардан фойдаланган ҳолда ҳимоя қиламиз", деган Жан-Пьер.
Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолади. Келишувларга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди.
14 апрель куни АҚШ Президенти Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунланганини ва 1 майдан бошлаб мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилганди. Унга кўра, қўшинларни олиб чиқиб кетиш 11 сентябргача якунланиши керак.