АҚШ Филиппинга 13 млн долларлик дронлар совға қилди

Олам

image
0:00
0:00
download

АҚШ ҳукумати Филиппин Қуролли кучларига 4 та Ocean Aero Triton автоном сувости ва сувусти аппаратини топширди. Бу ҳақда АҚШнинг Филиппиндаги элчихонаси хабар қилди.

Маълум қилинишича, қиймати 13 миллион АҚШ доллари бўлган мазкур дронлар Маниланинг ўз ҳудудий сувларини кузатиш, эҳтимолий таҳдидларни аниқлаш ва уларга тезкор жавоб қайтариш имкониятларини оширади. Қуёш энергиясида ишловчи дронлар экипажсиз 30 кунгача мустақил ҳаракатлана олади. Улар ноқонуний балиқ овлаш, “кулранг зона” фаолиятлари ҳамда эркин денгиз қатновига таҳдидларни кузатиш учун мўлжалланган.

АҚШ элчихонаси баёнотида Вашингтон ушбу қадам орқали ўз иттифоқчиси бўлган Филиппинни қўллаб-қувватлашини яна бир бор намоён этаётгани таъкидланган.

“Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги сув ҳудудлари улкан ва баҳсли ҳисобланади. Филиппин эса ушбу минтақа марказида жойлашган”, дейилган баёнотда.

Хитойнинг Маниладаги элчихонаси мазкур қарор икки томонлама муносабатлар ҳамда минтақавий барқарорликка путур етказганини билдирган бўлса, Филиппин Ташқи ишлар вазирлиги бу фикрни рад этган.

Дронларнинг топширилиши Филиппин ва Хитой ўртасидаги муносабатлар янада таранглашган бир пайтга тўғри келган. Аввалроқ, Пекин Скарборо рифи ҳудудида сузувчи иншоот ўрнатгани ва Филиппин Мудофаа вазирига қарши санкциялар жорий қилгани тўғрисида хабар қилинган эди.

Июнь ойи ўрталарида АҚШ ва Филиппин ҳарбийлари Жанубий Хитой денгизида қўшма денгиз машқларини ўтказган. Машғулотларда авиация ва соҳил қўриқлаш кучлари ҳам иштирок этган. Ўтган ҳафта Филиппин Хитой дипломатик норозиликдан сўнг, баҳсли рифдаги сузувчи иншоотни олиб ташлаганини маълум қилганди. Пекин эса мазкур объект “илмий тадқиқот ишлари” учун ўрнатилганини билдирган.

Маълумот учун, Хитой Жанубий Хитой денгизининг деярли барча қисмига даъво қилади. Ҳар йили 3 триллион АҚШ долларидан ортиқ савдо айланмаси амалга ошадиган ушбу стратегик сув йўли бўйича Пекиннинг даъволари 2016 йилдаги халқаро арбитраж қарори билан ҳақиқий эмас деб топилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп Қатар совға қилган 400 млн долларлик “учар қаср”ни жамоатчиликка тақдим этганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ дрон Филиппин сувости ва сувусти аппарати

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг