АҚШ Эронга алоқадор 85 дан ортиқ нишонга зарба берди

Олам

image

АҚШ кучлари Иорданиядаги америкалик аскарларга қарши ҳужумга жавобан Ироқ ва Суриядаги 85 дан ортиқ нишонга зарба берди. Бу ҳақда АҚШ Марказий қўмондонлиги хабар берди.

“2 февраль куни 04:00 да Марказий қўмондонлик кучлари Ироқ ва Сурияда Эрон инқилоби қўриқчилари корпусига тегишли “Ал-Қудс” махсус кучлари ва унга алоқадор гуруҳларга қарши ҳаво ҳужумларини бошлади. АҚШ Қуролли кучлари 85 дан ортиқ нишонга зарба берди", дейилади баёнотда.

Қайд этилишича, операцияда “кўплаб самолётлар”, жумладан, узоқ масофали бомбардимончи қирувчилар ҳам иштирок этган. Бомбаланган нишонлар қўмондонлик ва бошқарув пунктлари, разведка марказлари ва дрон омборлари бўлиб, ҳаво ҳужумларида “125 дан ортиқ аниқ бошқариладиган ўқ-дорилар” ишлатилган.

АҚШ Президенти Жо Байден Сурия ва Ироқдаги америкалик аскарларга ҳужум қилган гуруҳларга алоқадор нишонларга зарба беришни буюрганини айтди. 

"Қўшма Штатлар Яқин Шарқда ёки дунёнинг бошқа жойларида можарога интилмаяпти. Аммо ким бизга зарар етказмоқчи бўлса, шуни билсинки, агар сиз америкаликка зиён келтирсангиз, биз жавоб берамиз”, дейди Байден. 

АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остиннинг айтишича, Эрон билан боғлиқ объектларга зарбалар "АҚШ жавобининг бошланиши" эди. 

"Президент Байден Эрон инқилоби қўриқчилари корпуси ва унга алоқадор жангариларни АҚШ ва коалиция кучларига қилган ҳужумлари учун жавобгарликка тортиш бўйича қўшимча чоралар кўришни буюрди. Улар биз танлаган вақтда ва биз танлаган жойда қабул қилинади. Биз Қўшма Штатлар, кучларимиз ва манфаатларимизни ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўрамиз ", дея таъкидлайди Пентагон раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, 28 январь куни Сурия-Иордания чегараси яқинидаги АҚШ ҳарбий базасига қилинган дрон ҳужуми оқибатида уч нафар америкалик ҳарбий ҳалок бўлган ва бир неча ўнлаб киши жароҳатланган эди. Ҳужум учун жавобгарликни Ироқ қаршилиги деб аталган гуруҳ ўз зиммасига олди. АҚШ эса ўз аскарларининг ўлимида Эронни айблади. Президент Байден бунга ўзи мос деб ҳисоблаган вақтда ва даражада жавоб қайтаришга ваъда берди. Теҳрон эса ҳужумга алоқадорлиги ҳақидаги айбловларни рад этди. “Politico” газетаси ўз манбаларига таяниб, Жо Байден қарши жавоб чораларини ишлаб чиқишни буюргани, эҳтимолий таклифлар қаторида Ироқ ва Суриядаги Эрон ҳарбий хизматчиларига ҳужум ҳам кўриб чиқилаётганини ёзди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг