Байден Яқин Шарқдаги америкалик ҳарбийларга ҳужум жавобсиз қолмаслигини айтди
Олам
−
31 Январь
5177АҚШ Президенти Жо Байден Иорданиядаги Америка базасига уюштирилган ҳужумга жавоб қайтариш бўйича қарор қабул қилди. Бу ҳақда у матбуот анжуманида маълум қилди.
Бироқ, Байден режалаштирилган жавоб ҳақида аниқ маълумот бермаган. У фақат ўзи ва бошқа расмийлар бир неча бор айтган сўзларини такрорлади – "Вашингтон минтақадаги можарони кенгайтиришга интилмаяпти".
“Менимча, Яқин Шарқдаги урушнинг кенгайиши бизнинг фойдамизга ишламайди”, дейди АҚШ Президенти.
Бўлажак жавоб ҳақиқатан ҳам Эронни тўхтатадими, деган саволга Байден: “Кўрамиз”, деб жавоб қайтарган.
Ўз навбатида, Air Force One бортида журналистлар билан суҳбатда Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирби Қўшма Штатлар турли гуруҳларнинг Америка кучларига ҳужум қилиш қобилиятини камайтириш заруратини ҳисобга олган ҳолда иш олиб боришини айтди.
"Президент бизнинг қўшинларимиз ва объектларимизни ҳимоя қилиш, миллий хавфсизлигимиз ва минтақадаги манфаатларимиз ҳақида қайғуриш учун қўлидан келганини қилади", дейди Кирби.
Маълумот учун, Иордания ва Сурия чегараси яқинидаги базага қилинган ҳужум учун жавобгарликни Теҳрон томонидан қўллаб-қувватлангани айтиладиган “Ироқ қаршилик ҳаракати” гуруҳи ўз зиммасига олган. Айни пайтда Пентагон ҳужумда Эрон томонидан алоқадор деб кўриладиган Ироқнинг “Катаиб Ҳизбуллоҳ” гуруҳининг “излари” борлигини айтди.
Умуман олганда, турли гуруҳлар Вашингтоннинг жавоб ҳужумларига қарамай, минтақадаги Америка ҳарбий объектларига 160дан ортиқ зарба берган.
Эслатиб ўтамиз, 27 январь куни дрон ҳужуми оқибатида уч нафар америкалик ҳарбий ҳалок бўлган ва бир неча ўнлаб киши жароҳатланган эди. “Politico” газетаси ўз манбаларига таяниб, Жо Байден Сурия-Иордания чегарасида АҚШ кучларига қилинган ҳужумга қарши жавоб чораларини ишлаб чиқишни буюргани, эҳтимолий таклифлар қаторида Ироқ ва Суриядаги Эрон ҳарбий хизматчиларига ҳужум ҳам кўриб чиқилаётганини ёзганди.
LiveБарчаси