АҚШ Эрон ҳарбийларига зарба бериши мумкин – “Politico”

Олам

image

Америка Президенти Жо Байден Сурия-Иордания чегарасида АҚШ кучларига қилинган ҳужумга қарши жавоб чораларини ишлаб чиқишни буюрди, эҳтимолий таклифлар қаторида Ироқ ва Суриядаги Эрон ҳарбий хизматчиларига ҳужум ҳам кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Politico” газетаси хабар берди.

Қайд этилишича, давлат раҳбари АҚШдан бошқа ҳужумларни қатъий тарзда тўсиш ва шу билан бирга Яқин Шарқдаги вазиятнинг янада кескинлашувига олиб келмаслик имконини берадиган жавоб чораларининг бир нечта вариантини тақдим этишни талаб қилган. Нашр суҳбатдошларига кўра, Пентагон жавоб чоралари сифатида Сурия ёки Ироқдаги Эрон ҳарбий хизматчиларига, шунингдек, Эроннинг Форс кўрфазидаги ҳарбий-денгиз кучлари объектларига зарба беришни кўриб чиқмоқда. 

Таъкидланишича, Америка раҳбари маъқуллаганидан сўнг, бир неча кун ичида жавоб чоралари кўрилади, зарбалар бир нечта нишонларга "тўлқин шаклида" берилади. Манбаларнинг айтишича, Байден якуний қарор қабул қилинмагунча амалиёт бошланмайди. АҚШнинг  жавоб чоралари Яқин Шарқдаги вазиятни ҳам янада кескинлаштириши мумкин. 

Кеча, 29 январь куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Вашингтоннинг минтақадаги ўз қўшинлари ва манфаатларига қилинган ҳужумларга жавоби кўп босқичли бўлиши ва бу вақт талаб қилиши мумкинлигини айтганди.

Эслатиб ўтамиз, 27 январь куни Сурия-Иордания чегарасидаги ал-Танф ҳудудидаги Ғарб коалициясининг ҳарбий базасига учувчисиз самолёт ҳужуми оқибатида 3 нафар америкалик ҳарбий ҳалок бўлган, 40 нафари яраланганди. Ғазо секторида Фаластин-Исроил можароси авж олгандан бери Сурия ва Ироқдаги Америка ҳарбий базаларига ракета ва учувчисиз учоқлардан фойдаланган ҳолда ҳужумлар тез-тез учрамоқда. Эронга алоқадор деб кўриладиган гуруҳлар АҚШ Исроил армиясига ҳарбий ёрдам беришда давом этар экан, Сурия ва Ироқдаги қуролли амалиётлар сонини оширишлари ҳақида огоҳлантирган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Сурия Эрон Ироқ Яқин Шарқ Жо Байден Энтони Блинкен

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг