АҚШ элчихонаси Грузиядаги намойишчиларни қўллаб-қувватлашини билдирди

Олам

image

АҚШнинг Тбилисидаги элчихонаси “хорижий агентлар” ҳақидаги қонун лойиҳасига қарши намойишчиларни қўллаб-қувватлашини билдирди. Бу ҳақда дипломатик миссиянинг тегишли баёноти эълон қилинди.

"Биз Грузия халқи билан биргамиз ва уларнинг овози эшитилиши ҳуқуқини қўллаб-қувватлаймиз. Биз тинч намойишчиларга, жумладан намойишни ёритаётган журналистларга нисбатан зўравонликни қоралаймиз. Тинч йиғилишлар ва сўз эркинлигини бостириш учун куч ишлатиш қабул қилиниши мумкин эмас”, дейилади элчихона баёнотида.

Грузияда 15 апрелдан бери ҳукмрон “Грузия орзуси – Демократик Грузия” партияси “Хорижий таъсирнинг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқа бошлаганидан сўнг норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Намойишнинг дастлабки уч куни кенг кўламли бўлиб ўтди, кейин эса деярли ҳар куни ёшлар томонидан ташкил этилган тинч юришлар бўлди. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 30 апрель куни намойишлар чоғида олти нафар полиция ходими яраланган, 63 киши ҳибсга олинган.

Апрель ойи бошида “Грузия орзуси – Демократик Грузия” партияси қонун лойиҳасини парламентга қайта киритиш ҳақидаги қарорини эълон қилди. Бу худди шундай ташаббус оммавий норозиликларга сабаб бўлгани ва ҳокимиятни қонун лойиҳасидан воз кечишга мажбур қилганидан бир йил ўтиб, содир бўлди. Унинг матни ўтган йилгидек қолмоқда. Фақатгина “хорижий таъсир агенти” атамаси ўрнига "хорижий кучнинг манфаатларини кўзлайдиган ташкилот" тушунчаси ишлатилган. 

Эслатиб ўтамиз, кеча, 1 май куни Грузия парламенти “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилганди. Шундан сўнг яна намойишлар авж олди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Грузия элчихона Тбилиси намойиш хорижий агентлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг