АҚШ БМТга Украинадаги урушни тугатиш бўйича ўзининг резолюция лойиҳасини таклиф қилди

Олам

image

Кеча, 21 февраль куни АҚШ Россиянинг Украинага бостириб киришининг уч йиллиги арафасида БМТ резолюцияси лойиҳасини таклиф қилди. Бу ҳақда “Voice of America” хабар берди.

Қисқа, уч банддан иборат АҚШ резолюция лойиҳасида “Россия-Украина уруши”да инсонларнинг ҳалок бўлганидан қайғуриш билдирилиб, “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг асосий мақсади халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш ҳамда низоларни тинч йўл билан ҳал этиш” экани яна бир бор таъкидланган. Резолюция, шунингдек, можарони тезроқ тугатишга, шунингдек, Украина ҳамда Россия ўртасида мустаҳкам тинчлик ўрнатишга чақиради.

Россия “можарони тезроқ тугатишга чақиради” деган сўзлардан кейин “шу жумладан, унинг асосий сабабларини йўқ қилиш орқали” иборасини қўшишни назарда тутувчи ўзгартириш киритишни таклиф қилди.

Трамп баҳоргача урушни Украина учун қулай шартларда якунламоқчи – ОАВ north_east

Трамп баҳоргача урушни Украина учун қулай шартларда якунламоқчи – ОАВ

Россиянинг БМТдаги элчиси Василий Небензя Америка лойиҳасини “яхши қадам” деб атади. Анонимлик шарти билан гапирган россиялик дипломатлардан бири “Reuters” агентлигига Россия тузатмаси Бош Ассамблея томонидан қабул қилинса, Москва АҚШ резолюциясига овоз беришини айтди.

Небензя, лойиҳа Бош Ассамблеянинг 193 аъзосига тарқатилишидан олдин АҚШ томонидан маълумот берилганини айтди. Бош Ассамблея 24 февраль куни йиғилиб, Украина ва Европа Иттифоқи томонидан тайёрланган, кескинликни юмшатиш, ҳарбий ҳаракатларни тезда тўхтатиш ва БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуққа мувофиқ тинч йўл билан ҳал қилишга чақирувчи матнни овозга қўйиши керак.

Дипломатларга кўра, Европа Иттифоқининг БМТдаги элчилари учрашиб, АҚШнинг ҳаракатини муҳокама қилади.

Украина ва ЕИ ўтган ойдан буён БМТга аъзо давлатлар билан музокаралар олиб бормоқда. Бош Ассамблея резолюциялари мажбурий эмас, лекин улар сиёсий аҳамиятга эга, чунки улар урушга глобал нуқтаи назарни акс эттиради. Ассамблеяда ҳеч бир давлат вето ҳуқуқига эга эмас.

Украина ва Европа Иттифоқи томонидан тайёрланган матн “бу йил урушни тўхтатиш ва яна кескинлашув хавфини камайтириш ҳамда Украинада кенг қамровли, адолатли ва мустаҳкам тинчликка эришиш учун дипломатик саъй-ҳаракатларни икки баравар ошириш зарурлигини яна бир бор тасдиқлайди”.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп ўзининг Украина ва Россия бўйича махсус вакили, истеъфодаги генерал Кит Келлогга Россиянинг Украинага қарши урушини 100 кун ичида тугатишни буюрганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ БМТ Василий Небензя Россия-Украина уруши

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг