Трамп баҳоргача урушни Украина учун қулай шартларда якунламоқчи – ОАВ

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Украинага кўрсатилаётган ёрдамни камайтириши мумкин деган хавотирлар нотўғри. Оқ уй раҳбари урушни баҳоргача Украина учун қулай шартларда якунлашни мақсад қилган. Бу ҳақда манбаларга таяниб, “The Independent” хабар берди.

“Украинадаги вазиятдан хавотирда бўлганлар “Халқ хизматчиси” фракцияси раҳбари Давид Арахамия Трампнинг инаугурациясида қатнашганига эътибор қаратишлари керак. Бу АҚШ Президентининг Украинага яхши келишув таъминлашга интилаётганини кўрсатадиган рамзий ишора”, дейди нашр манбаларидан бири.

Манбаларга кўра, Трамп урушни ҳал қилиш масаласига жиддий ёндашмоқда ва у Украина Президенти Владимир Зеленский билан яқин ҳамкорлик қилишни режалаштирмоқда. Икки давлат раҳбари ўртасидаги расмий учрашув яқин ҳафталарда бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Давид Арахамия Владимир Зеленскийга яқин шахс сифатида танилган. “The Independent”нинг ёзишича, Арахамия Трампнинг инаугурацияси вақтида Капитолий ротондасига таклиф этилган бир нечта хорижий юқори мартабали шахслардан бири бўлган. Маросимда “Халқ хизматчиси” фракцияси раҳбарига катта ҳурмат билан муносабат қилинган. 

Маълумот учун, Дональд Трамп ўз сайловолди кампанияси давомида Украинадаги урушни имкон қадар тезроқ тугатишни ваъда қилган бўлса-да, ҳозиргача аниқ режа тақдим этилмади. Инаугурациядан сўнг Трамп, агар Владимир Путин қуролли можарони якунлашга рози бўлмаса, Россия маҳсулотларига тўлиқ экспорт эмбаргоси киритишгача борадиган санкцияларни кучайтиришини маълум қилди. “The Wall Street Journal”нинг ёзишича, АҚШ Президенти ўз дипломатларига Москва ва Киевни музокаралар столига ўтказиш учун уч ой муддат берган.

21 январь куни АҚШ Давлат котиби Марко Рубио можаронинг ҳал қилинишини Трамп давридаги Америка сиёсатининг устувор вазифаси эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, Москва ва Киев узоқ муддатли тинчликка эришиш учун ўзаро муросага боришга мажбур бўлади.

“Биз нафақат Украина, балки бутун Европа учун барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга эътибор қаратмоқдамиз”, деди Рубио.

“The Moscow Times”нинг Россия Ташқи ишлар вазирлигига яқин манбалари маълумотига кўра, Трамп маъмуриятининг Кремль билан дастлабки алоқалари аллақачон амалга оширилган, гарчи иккала томон ҳам бу алоқаларни омма олдида рад этган бўлса-да.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков журналистлар билан телефон орқали бўлган мулоқотда мамлакат Президенти Владимир Путин АҚШ Президенти Дональд Трамп билан мулоқотга тайёр эканини айтган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Дональд Трамп Украина уруш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг