АҚШ Афғонистонга мўлжалланган вертолётларни Украинага беради 

Олам

image

АҚШ Украинага Россияда ишлаб чиқарилган Ми-17 вертолётларини беради. Улар Афғонистонда “Толибон” ҳокимият тепасига келгунига қадар афғон армиясига топшириш учун мўлжалланган эди. Бу ҳақда Оқ уй Матбуот котиби Жен Псаки маълум қилди. 

“Биз яқинда Конгрессни Ми-17 вертолётларини жойлаштириш ниятимиз ҳақида хабардор қилдик. Шунинг учун мен Президент кутмоқда, деб айтмаган бўлардим. Бу йўналишдаги ҳаракатлар яққол кўриниб турибди”, деган у Оқ уйда журналистлар учун ўтказилган навбатдаги брифингда. 

Таъкидланишича, АҚШ маъмурияти Украинага Россияда ишлаб чиқарилган бешта Ми-17 вертолётини бериш нияти ҳақида Конгрессни аввалроқ хабардор қилган. 

Аввалроқ, АҚШ Украинадаги элчихонаси ходимларини эвакуация қилиши ҳақида хабар берилганди. 

Маълумот ўрнида, АҚШ Россиянинг Украинага  “босқини” жорий йил январь-февраль ойларининг ўрталарида бошланиши мумкинлигини маълум қилди.

Бунга жавобан Россиянинг Вашингтондаги элчихонаси Оқ уйнинг Украинага босқин уюштириш вақти ҳақидаги баёнотини сохта ва ахборот босими дея атаган.

“Conflict Intelligence Team” (CIT) эса Россия “Искандар” ракеталар мажмуасини ва яна бошқа оғир техникаларни ғарбий чегаралари томон ташиётганини  маълум қилди. Унга кўра, ракеталар комплекси ва зирҳли артиллерия ортилган поездлар мамлакат Шарқий ҳарбий округидан ғарбга томон ҳаракатланган.

Шу ўринда, Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили ҳам Британия Украинага қурол юбораётганини, аллақачон олтита рейс келганини айтди.

Бундан ташқари, Канада ҳам махсус топшириқлар бўлинмасининг кичик контингентини НАТО ҳарбий альянси ва Россия ўртасидаги зиддият кучайган бир пайтда Украинага жойлаштирди. Шунингдек, Буюк Британия Қуролли Кучларининг махсус операциялар учун ташкил этилган элита ҳарбий бўлинмасининг 30 нафар жангчисини Украинага юборди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Украина

Баҳолаганлар

202

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг