АҚШ Ҳормуз бўғозини кечалари миналардан тозалади – FT
Олам
−
15:21 507 2 дақиқа
АҚШ тўрт ой давомида Ҳормуз бўғозини кечалари миналардан тозалаш ишларини олиб борди. Бу ҳақда операция боришидан хабардор манбаларига таяниб, “Financial Times” хабар берди.
“Сўнгги ойларда АҚШ Ҳормуз бўғозида Эрон билан жавоб зарбаларини алмашаётган бир пайтда, улар ушбу тор ва стратегик муҳим сув йўлида анча хуфиёна операцияни ҳам амалга оширишди. Асосан кечалари хавфли бўғозга АҚШ Ҳарбий-дениз кучлари (ҲДK) махсус топшириқли кучлари ғаввослари, роботлаштирилган катерлар ва ихтисослаштирилган сувости аппаратлари тўрт ойлик миналардан тозалаш миссиясини ўтказиш учун юборилган”, дейилади газета хабарида.
Нашр маълумотларига кўра, операция асосан сутканинг қоранғи вақтида олиб борилган. АҚШ ҲДK ғаввослари шиширилма бортли кичик сузиш воситаларидан фойдаланган ҳолда кичик гуруҳлар таркибида ҳаракат қилган. Улар миналарни шатакка олинадиган гидроакустик антенна панжаралари билан жиҳозланган роботлаштирилган катерлар ва сув ости аппаратлари ёрдамида аниқлаган.
Газета АҚШ ҲДKнинг истеъфодаги капитани Билл Хэмблетнинг сўзларидан иқтибос келтирган: у одатда мина аниқланганда ғаввослар сувга тушиб, уни йўқ қилиш учун устига портловчи модда ўрнатишини таъкидлаган. Бундай операцияларда миналарни йўқ қилиш учун сув ости роботларидан ҳам фойдаланилиши мумкин. “Financial Times”нинг ёзишича, айнан миналардан тозалаш билан боғлиқ ҳолда америкалик ҳарбийлар орасида йўқотишлар қайд этилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ва Эрон жавоб зарбаларини алмашгани ҳақида хабар берилган эди. Бу бир ойлик нисбий сукунатдан сўнг бир ҳафта олдин ҳарбий ҳаракатлар қайта бошланганидан бери амалга оширилган навбатдаги ҳужумлар раунди бўлган.