“Ақлбовар қилмас маошлар”. Бу гал қайси ташкилот раҳбарлари ойлиги ҳақида хабарлар тарқалди?
Жамият
−
17 Май 2023
37757Давлат ташкилоти раҳбарларининг юқори иш ҳақи олаётгани тўғрисидаги хабарлар “болалаш”да давом этмоқда. Бу гал ижтимоий тармоқларда Гидрометеорология агентлиги раҳбарлари маошига қўшимча равишда юқори мукофот пули тайинлангани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Табиат ресурслари вазирлигининг Матбуот хизмати муносабат билдирди.
Тармоқларда тарқалган Гидрометеорология хизмати агентлигининг раҳбари буйруғига кўра, 2022 йилда келиб тушган мурожаатлар, ҳужжатлар, топшириқлар, буйруқ ва фармойишлар ижросини ўз вақтида сифатли бажаришда фаол иштирок этгани учун кўплаб ходимларни тақдирлаш кўзда тутилган. Унга кўра, агентлик бош директори Ш.Ҳабибуллаев ва унинг ўринбосари И.Каримов меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (920 минг сўм)нинг 50 баробари, яъни 46 млн сўм ҳисобида мукофот пули олгани айтилган. Ушбу рағбатлантириш тўғрисидаги буйруқни раҳбар Ш.Ҳабибуллаевниг ўзи имзолаган.
Табиат ресурслари вазирлигининг айтишича, ҳозирда ҳолат юзасидан хизмат текшируви тайинланган ва тегишли тартибда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, текширув натижаси бўйича Табиат ресурслари вазирлиги томонидан қонунга мувофиқ равишда тегишли чоралар кўрилиши маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги Ўзбекистон миллий метрология институтининг директоридан тортиб юристигача юқори маош олгани ҳақида маълумот тарқалганди. Интернетга сиздирилган рўйхатда институт директорининг бир йил давомида 272 миллион, бош бухгалтерининг 303 миллион, юристининг 402 миллион ҳамда бўлим бошлиқларининг 141 ва 148 миллион сўмдан ойлик маош олгани қайд этилганди.
Аввалроқ, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги яна бир бошқа ташкилот – “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” (ЎзТест)нинг раҳбари ва бухгалтери ҳам юқори маош олгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Унга кўра, муассаса бош бухгалтери январь-февраль ойларида умумий 469 млн сўм, раҳбари эса 136 млн сўм ойлик олгани кўрсатилган эди.
Кейинчалик бу хабар рост экани тасдиқланиб, ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага юборилганди ва натижада ЎзТестнинг раҳбари ишдан олинганди.
Нурмуҳаммад Файзуллаев