Раъно Жўраева кетиши ортидан аэропортлардаги “қизил” ва “яшил” йўлак тизими тугатилди
Жамият
−
16 Август 2023
17037Ўзбекистондаги халқаро аэропортларнинг учиб кетиш йўналишидаги икки йўлакли тизим тугатилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси хабар берди.
Баён этилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 11 августдаги 363-сонли қарори билан Ҳукуматнинг 2017 йил 11 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизимни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарорига божхона маъмурчилигини соддалаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.
“Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2022 йил 27 апрелдаги ПФ-122-сон Фармони билан халқаро аэропортларнинг учиб кетиш йўналишида “Масофавий божхона назорати” (махсус ажратилган жойларда визуал кузатувни амалга ошириш орқали) тизими жорий этилган. Шу муносабат билан эндиликда халқаро аэропортларнинг учиб кетиш йўналишида икки йўлакли (яшил ва қизил) тизим тугатилди”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, масофавий божхона назорати – халқаро аэропортлар орқали учиб кетаётган йўловчиларни махсус ажратилган жойларда хавфни бошқариш тизимидан фойдаланган ҳолда танлаб олиш тамойили асосида ҳамда масофавий визуал кузатувни амалга ошириш орқали божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказишни таъминлайдиган тизим ҳисобланди.
Халқаро аэропортларнинг учиб кетиш йўналишида жисмоний шахсларнинг божхона декларациясини расмийлаштириш ва уларга божхона қонунчилиги бўйича тушунтиришлар бериш учун йўловчилар ҳаракатига таъсир қилмайдиган алоҳида божхона расмийлаштируви жойи ташкил этилади.
Божхона расмийлаштируви жойи давлат тилида, рус ва инглиз тилларида “Божхона”, “Таможня” ва “Customs” ёзувлари бўлган махсус график белги билан белгиланади.
Қарор билан Ўзбекистон Республикаси халқаро аэропортларининг учиб кетиш жойидаги масофавий божхона назорати тизимига қўйиладиган талаблар белгилаб олинди.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг февралидан буён “Uzbekistan Airports” бошқаруви раиси лавозимида фаолият юритиб келаётган Раъно Жўраева жорий йилнинг 7 август куни лавозимини тарк этди. Уни бошқа лавозимидан озод этилганлардан фарқли ўлароқ Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов ва Илҳом Маҳкамов ҳурмат ва эҳтиром билан кузатиб қўйди.
Раъно Жўраева билан тузилган меҳнат шартномаси нима асосда ва нега муддатидан аввал бекор қилингани сабаблари очиқланмаган. Узунқулоқ гапларга қараганда, Раъно Жўраева узоқ йиллар Россия яшаб, юқори лавозимларда фаолият юритган. Шунингдек, унинг ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг лойиҳаларида бошчилик қилгани ҳақида гаплар юради. Ва Жўраеванинг “Uzbekistan Airports”дан кетишини Ғарбнинг Россия ва Усмонов компаниялари, унга алоқадор шахсларга санкциялар киритиши билан ҳам боғлаётганлар йўқ эмас.
LiveБарчаси