Аброр Мухтор Алий қамоқдан чиқди
Таҳлил
−
21 Февраль
7267Шайхонтоҳур тумани ҳокимлигида жанжал кўтариб, 15 суткага қамалган Аброр Мухтор Алий номи билан танилган блогер Аброр Абдуазимов озодликка чиқарилди.
Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 20 февралдаги қарорига мувофиқ Аброр Абдуазимовга нисбатан жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг 2024 йил 6 февралдаги қарори билан тайинланган маъмурий қамоқ жазоси муддати ўзгартирилиб, озодликка чиқарилди.
Адвокат Ғаниевнинг ёзишича, Аброр Абдуазимов ва унинг шериги Хусрав Насруллаевга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кеча, 20 февраль куни соат 11:00 да судья Толлибаев томонидан тафтиш тартибида кўрилган. Шундай қилиб, Аброр Мухтор Алий муддатидан аввал қамоқдан озодликка чиқди.
Бунинг исботи қилиб блогернинг Facebook ва Instagram саҳифаларига жойланган янги постларидан ҳам кўриш мумкин.
Хўш, Аброр Мухтой Алий ўзи нега қамалганди? Шу ҳақда тўхталиб ўтсам.
Жорий йилнинг 6 февраль куни Аброр Мухтор Алий Шайхонтоҳур тумани ҳокимлигига ўз иши билан борган ва шу ерда бошқа бир фуқаро билан жаҳл устида бақир-чақир қилиб, жанжал кўтарган. Сўнг ички ишлар органлари ходимлари вазиятга аралашган, бироқ у ва унинг шериги Хусрав Насруллаев ички ишлар ходимининг қонуний талабини бажармасдан, оммани ўзига жалб қилиб, ички ишлар ходимларига нисбатан сохта уйдирмаларни тарқатган.
Ўша куннинг ўзида бўлиб ўтган суд мажлисида иккала судланувчи ҳам айбига иқрор эканини билдирган. Аброр Мухтор Алий Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 195-моддаси (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчини бажаришига қаршилик кўрсатиш)да ифода қилинган ҳуқуқбузарликни содир этишда айбли деб топилган.
13 февраль куни эса Аброр Абдуазимовнинг адвокати суд қарори устидан аппеляция шикоятини ёзган. Ушбу апелляция юзасидан 14 февраль куни суд мажлиси бўлиб ўтган.
Суд адвокатнинг шикоятини рад этган ва Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Дарвоқе гарчи блогер ҳокимликда жанжал кўтариб, ички ишлар ходимларига бўйсунмагани учун қамалган бўлсада, тармоқларда унинг қамалишига хонанда Муниса Ризаеванинг унинг “устидан ёзиб” бергани сабаб бўлгани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Гап шундаки, бундан олдин Ризаева ва Мухтор Алий ўртасида келишмовчилик юзага келган. Тармоқлардаги миш-мишлар шу билан тугаб қолмади. Масалан, Аброр Мухтор Алий яқинда “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари доирасида фирибгарлик айблови билан қўлга олинган Саидазиз Саидалиев яъни “Саидазиз медгородок” билан яқин бўлгани, “қонга қон, жонга жон” эканини айтиши ортидан муаммоларга дуч келгани айтилди. Бу гаплар қанчалик ўринли билмаймиз. Лекин унинг қамалишининг сабаби бўйича аниқ суд қарори бор.
Дарвоқе юқорида хонанда Муниса Ризаеванинг Аброр Мухтор Алий устидан ёзгани ҳақида миш-миш тарқалди деган эдик. Аммо бу ўз номи билан миш-миш. Бироқ ўтган йилнинг февраль ойида Тошкент шаҳри Жиноят ишлари бўйича Яккасарой суди Аброр Мухтор Алийга нисбатан журналист Никита Макаренконинг берган аризасини кўриб чиқиб, диний блогерга 6 млн сўм миқдорида жарима жазоси тайинлаган.
Макаренко ўз аризасида унга нисбатан ишончсиз, туҳмат ва ҳақоратомуз хабарлар тарқатилиши юзасидан чора кўрилишини сўраган. Суд Аброр Абдуазимов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202-прим 2 моддаси биринчи қисмида назарда тутилган ҳолат яъни шахс қадр қимматини ёки унинг обрўсини камситишга олиб келадиган ёлғон маълумотларни тарқатишда айбдор деб топган.
Қайд этиш жоиз, блогернинг бир неча шахслар, жумладан шоу-бизнес вакиллари билан келишмовчиликка бориши тез-тез ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг эътиборини тортиб келади.
Бундан ташқари, 2021 йилда тармоқларда Аброр Мухтор Алийнинг “аёллар урадиган эркакларни ёқтириши” ҳақидаги маърузаси тарқалган эди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса ҳолат юзасидан огоҳлантириш берганди.
Унда Аброр Мухтор Алийнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган чиқишларини муаллифнинг шахсий қарашлари сифатида қабул қилиниши сўралган.
“Техник нуқтаи назардан экспертизага муҳтож ва кўринишидан баёнотнинг бир қисми бўлган чиқишда айтилган фикрлар ҳам диний, ҳам дунёвий томондан кескин танқидга лойиқ”, дейилади хабарда.
Матбуот хизматига маълум қилинишича, Аброр Мухтор Алий ўз чиқишига изоҳ берган ва аёллардан узр сўраган. Унга бундан буён чиқишлари мавзусига ва мазмунига алоҳида эътибор бериш тавсия қилинган.
Шуни таъкидлаш жоиз, Мухтор Алий 2021 йил август ойида Ўзбекистон мусулмонлари идорасида янги ташкил этилган “Қуръон тажвидини ўргатиш” бўлими мудири ўринбосари этиб тайинланган эди. Бироқ 2022 йилда у ўз хоҳишига кўра вазифасидан озод этилган.
Маълумот ўрнида, Аброр Мухтор Алий Андижон вилоятида жойлашган мадрасадаги тайёрлов курсида таҳсил олиб, Наманган шаҳридаги “Мулла Қирғиз” (ҳозирги “Ҳидоя”) ўрта-махсус диний таълим муассасасида ўқиган. Шундан сўнг, у Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таҳсил олган.
2008 йил Тошкент вилоятидаги масжидлардан бирида имом-хатиб бўлиб ишлаган. 2009-2011 йилларда Ўзбекистон Миллий университетининг Олий журналистика курсларида таҳсил олиб, магистрлик даражасини олган.