Абхазия раҳбари истеъфога чиқди
Олам
−
19 Ноябрь
2673Тан олинмаган Абхазия республикаси “президенти” Аслан Бжания истеъфога чиқиш ҳақида ариза берди. Бу ҳақда музокаралардан сўнг ҳукумат ва мухолифат вакиллари имзолаган келишувда келтирилган.
Ҳужжатга мувофиқ, бугун, 19 ноябрь куни давлат бинолари ҳудуди ва мажмуаси ичига йиғилган фуқаролар тарқалиб кетди. Агар бу банд бажарилмаса, Бжания ўз истеъфосини қайтариб олади.
Абхазия раҳбари матбуот хизматининг хабар беришича, мамлакат парламенти истеъфога чиқиш ҳақидаги аризани 19 ноябрь куни кўриб чиқади. Вице-президент Бадра Гунба президент вазифасини бажарувчига айланади.
Амалдаги вазирлар Абхазия Республикасининг янги сайланган “президенти” лавозимига киришгунга қадар ишлайди.
Абхазиядаги оммавий норозиликларга Россия компанияларига йирик солиқ имтиёзлари билан минтақада сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш имконини берувчи инвестиция шартномаси сабаб бўлган. Абхазиядаги мухолифат Москва билан келишувни “манфаатларнинг тўғридан тўғри таслим бўлиши” деб билади ва уни ратификация қилишдан воз кечишни талаб қилган.
15 ноябрь куни юзлаб намойишчи ҳукумат бинолари мажмуасини, жумладан парламент биносини эгаллаб олди. Полиция кўздан ёш оқизувчи газ ишлатди ва камида тўққиз кишини жароҳатлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Аслан Бжания мухолифат талабларига зид равишда истеъфога чиқмаслигини айтган эди. Шундан сўнг президент матбуот хизмати Бжаниянинг Россия ҳарбий базаси ҳудудига кўчирилгани ҳақидаги даъволарни рад этган. Сал ўтиб Россия билан инвестицион келишувга қарши норозилик намойишлари ортидан республика раҳбари Аслан Бжания истеъфога чиқишга рози бўлди.