Абдулла Арипов “Толибон” делегацияси билан учрашди
Жамият
−
03 Июль
6117Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматининг саноат ва савдо вазири Нуриддин Азизий бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда бўлиб турибди. Делегация таркибида 300 нафарга яқин афғонистонлик тадбиркорлар ва ишбилармонлар ўрин олган. Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукумати порталида маълум қилинди.
Бугун, 3 июль куни Вазирлар Маҳкамасида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Афғонистон делегацияси билан учрашув ўтказди.
Учрашувда давлатлар ва халқлар ўртасидаги алоқалар дўстлик, ҳамкорлик ва яхши қўшничилик тамойилларига асосланиб, ривожланиб бораётгани таъкидланди.
“Томонлар иқтисодий, инвестициявий, энергетика, транспорт-логистика, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилди. Ўзаро савдо ҳажмини ошириш бўйича аниқ чоралар белгиланди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида алоқаларни янада кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Билдирилишича, Афғонистон делегациясининг мамлакатга ташрифи 6 июлга қадар давом этади. Ташриф доирасида бир қатор вазирлик ва идоралар билан учрашувлар, икки томонлама бизнес-форум ҳамда Афғонистон маҳсулотлари кўргазмаси ўтказилади.
Шу билан бирга, меҳмонлар Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги қатор ишлаб чиқариш корхоналарига боради ҳамда маданий-тарихий мероси билан танишади.