Абдулла Арипов расман учинчи бор Ўзбекистон Бош вазири бўлди
Жамият
−
20 Ноябрь
4132Ўзбекистон Бош вазири лавозимида 2016 йилдан бери ишлаб келаётган Абдулла Нигматович Арипов Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони билан шу лавозимга учинчи марта тайинланди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 94-моддасига биноан, Ўзбекистон Республикаси Президенти тақдимига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2024 йил 20 ноябрдаги қарори билан Бош вазир лавозимига А.Н. Арипов маъқулланган.
"Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддасига мувофиқ, Абдулла Нигматович Арипов Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири этиб тайинлансин", дейилади Президент фармонида.
У 2016 йил 13 декабрда Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси томонидан Бош вазирлик лавозимига номзоди кўрсатилган. 14 декабрда эса ушбу лавозимга тасдиқланган. 2020 йил январь ойида эса у Бош вазир лавозимига қайтадан тасдиқланган.
Маълумот учун, Абдулла Арипов 1961 йил 24 май куни Тошкентда таваллуд топган. 1983 йил Тошкент электротехника алоқа институтини (ҳозирги Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети) муҳандис-телекоммуникация мутахассислиги бўйича тамомлаган. Иқтисод фанлари номзоди, доцент. У ўзининг илк меҳнат фаолиятини 1983-1992 йилларда Тошкент телефон-телеграф станциясида электроника муҳандислигидан бошлаган.
-
1992-1993 йилларда Алоқа вазирлигида бош мутахассис, “Ўзимпексалоқа” ташқи савдо компанияси директори ўринбосари, Алоқа вазирлиги қурилиш-таъминот бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.
-
2002 йилда эса Арипов Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – Алоқа ва ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари комплекси раҳбари этиб тайинланган. Шу билан бирга, 2005-2009 йилларда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигига раҳбарлик қилган.
-
2012 йилда яна Бош вазир ўринбосари, Ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар мажмуасига раҳбарлик қилган.
-
У 2021 йилда Шавкат Мирзиёев ўз фармони билан “Фидокорона хизматлари учун” ордени, шунингдек, “Меҳнат шуҳрати”, Қозоғистоннинг II даражали “Дўстлик”, Тожикистоннинг II даражали "Исмоил Сомоний" ордени билан мукофотланган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 19 ноябрь куни Ўзбекистон ҳукумати истеъфога чиққанди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 116-моддаси ва “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддасида Вазирлар Маҳкамаси Олий Мажлис олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиши белгиланган.