Абдукарим Мирзаевнинг адвокати баёнот берди. Журналист ҳалигача қамоқда

Жамият

image

2020 йилнинг декабрь ойида Туркияда ҳибсга олинган ўзбекистонлик журналист Абдукарим Мирзаев ҳалигача қамоқда сақланмоқда. Бу ҳақда унинг вакили адвокат Маҳмуд Саид Арслон баёнот берди

Қайд этилишича, 2020 йил йил 10 декабрда Истанбул Бош прокуратурасининг буйруғи билан Абдукарим Мирзаевнинг уйида тинтув ўтказилган ва унинг телефони текширилган. Жиноят ёки жиноят содир этилганига оид шубҳа туғдирадиган ҳеч қандай ҳолат аниқланмагани боис, терговни олиб борувчи прокурор томонидан ҳатто унинг кўрсатмалари ҳам олинмаган. Бироқ полиция гуруҳи Мирзаевни 3 кун мобайнида Кучукчекмеже полиция идорасида ушлаб тургач, уни 14 декабрь санасида Истанбул иммиграция маъмурияти ҳузуридаги Бинкилик (GGM) репатриация марказига топширган.

Адвокатга кўра, Истанбул иммиграция маъмурияти 15 декабрда Мирзаевга жамоат тартибига ва жамоат хавфсизлигига таҳдид қилгани учун депортация қилиш ва маъмурий қамоққа олиш тўғрисида буйруқ чиқарган. Буйруқда эса Истанбул Бош прокуратураси томонидан ёзилган хат туфайли Мирзаев жамоат тартибига ва жамоат хавфсизлигига таҳдид солган деган хулосага келингани ёзилган. Аммо Истанбул Бош прокуратураси томонидан ёзилган ҳеч бир ҳужжатда Мирзаевнинг жиноят содир этганлиги тўғрисида далил ёки маълумот мавжуд эмас, фақат тинтув ўтказиш талаб қилинган.

“Абдукарим Мирзаев ҳеч қандай жиноятга алоқадор эмас. У Кастамону университети Ижтимоий фанлар институтида журналистика бўйича магистратура босқичида таҳсил олмоқда. У муносиб ва шарафли ҳаёт кечирмоқда. У Туркияда бўлиб турган муддат давомида кузатувчилари сони 1 млндан ошган ўз YouTube саҳифалари орқали медиа маҳсулотлар эълон қилган, жамоатчиликни маърифатга ундаган ва ҳеч бир нутқида ножоиз фикрларни ифода этмаган”, дейилади баёнотда.

Абдукарим Мирзаевнинг ижтимоий тармоқдаги кузатувчилари ушбу жараёндан хабардор бўлиб, Мирзаевнинг ватанга қайтариш марказида эканидан қаттиқ қайғуга тушди. Ижтимоий тармоқларда #freeAbdukariM ve #FreedomtoAbdukarim хештеги остида бошланган кампанияда машҳур журналист Мирзаевни таниган инсонлар ушбу ҳолатга норозилик билдирди. Мирзаевнинг ижтимоий тармоқдаги баъзи кузатувчилари ушбу иш ортида Ўзбекистон ҳукумати турганини айтиб, Ўзбекистон ҳукуматини айблади.

“Қарийб 35 минг твитдан сўнг, Ўзбекистон Бош прокуратураси баёнот бериб, Абдукарим Мирзаевнинг депортация қилинишини хоҳламаслигини билдирди. Шу маънода, маъмурий ҳибсга олиш тўғрисида мазкур қарор қабул қилиниши ортидан содир бўлган воқеалар икки мамлакат ўртасидаги дипломатик инқирозга олиб бормоқда”, дейилади баёнотда.

Адвокатнинг ёзишича, депортация операциясини бекор қилиш учун 1-сонли Истанбул маъмурий судига даъво аризаси киритилган. Маъмурий қамоқни тугатиш тўғрисида Истанбул Жиноят суди судларига юборилган аризалар мурожаат сабаблари ўрганилмаган ҳолда, ҳеч қандай асосларсиз рад этилган. Истанбул Иммиграция Бошқармаси ва Миграция Бош Бошқармасига қилинган мурожаатларга эса жавоб берилмаган.

“Гарчи ҳеч қандай жиноятда гумондор қилинмагани ҳолда, Мирзаевни озодликдан маҳрум қилиш инсон ҳуқуқларини жиддий бузиш ҳисобланади, шу боис маъмурий қамоқ зудлик билан бекор қилиниши даркор”, деб ёзади Маҳмуд Саид Арслон.

Эслатиб ўтамиз, таниқли журналист, Туркиянинг Кастамону университети Коммуникациялар факультети журналистика бўлими магистранти Абдукарим Мирзаев жорий йилнинг 11 декабрь куни турк полицияси томонидан қўлга олинди.

Журналистни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш учун ёлланган адвокат вазиятни ўргангач, кимдир Абдукарим Мирзаевга тегишли рақам орқали шубҳали шахслар билан мулоқотда бўлгани ҳақида хабар бергани, ушбу маълумот ортидан журналист кузатилиб, сўнгра қўлга олинганини аниқлади.

10 декабрдан 11 декабрга ўтар кечаси ярим оқшомда зирҳли автомобилларда қуролланган ва ҳарбий либосдаги тўрт киши, шунингдек, фуқаро кийимидаги шахслар Абдукарим Мирзаевнинг уйига келиб, тинтув ўтказишган. Улар уйдан ҳеч қандай шубҳали нарса топа олмаган ва қўшнилар гувоҳлигида ҳужжатларни расмийлаштириб, журналистни олиб кетишган.

Кейинги куни ёлланган адвокат у билан учрашган, полицияга журналистнинг шубҳали шахслар билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини исботловчи далил ва ҳужжатларни тақдим этган. Шубҳа ва гумонлар ўз тасдиғини топмаганидан сўнг уни мамлакатдан депортация қилиш тўғрисида қарор чиқариб, Миграция идорасининг чет элликларни сақлаш бўлимига юборган.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Абдукарим Мирзаевнинг ҳибсланиши Ўзбекистоннинг сўрови асосида бўлмагани, мамлакатда унга нисбатан жиноий иш очилмаганини маълум қилди. Ҳозиргача Ташқи ишлар вазирлиги, Туркиянинг Тошкентдаги элчихонаси ва Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси ҳолат бўйича расмий баёнот берганича йўқ. 


Мақола муаллифи

Теглар

Абдукарим Мирзаев

Баҳолаганлар

432

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг