Аҳмад Масъуд кучлари “Толибон”га қарши партизанлик урушини бошлади
Олам
−
19 Октябрь 2021
15743Аҳмад Масъуд бошчилигидаги Афғонистон миллий қаршилик фронти Каписа вилоятида “Толибон”га қарши қуролли кураш бошланганини маълум қилди.
Фронтнинг “Aamaj News” агентлигида эълон қилинган видеомурожаатида қаршилик кучлари Панжшер ва Андараб билан бир қаторда Каписда ҳам толибларга қарши партизанлар урушини олиб бориши айтилган.
Маълумот учун, жорий йилнинг баҳорида АҚШ ва иттифоқчилар Афғонистондан ўз ҳарбий кучларини олиб кетишни бошлагач, "Толибон" ҳаракати Афғонистон ҳукумати назоратидаги ҳудудларга ҳужумни кучайтирди. Алал оқибат 15 августда пойтахт Қобул эгалланиб, Ашраф Ғани бошлиқ ҳукумат ағдарилди. Президентнинг ўзи истеъфога чиқиб, мамлакатни тарк этди.
Мамлакатда ҳокимиятни эгаллаган толиблар, 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлигини тузди. Жорий йилнинг 6 сентябрь куни “Толибон”га бўйсунмай турган ягона вилоят – Панжшер эгаллангач, 7 сентябрь куни ҳаракат раҳбарлари муваққат ҳукуматни шакллантирди.
Қайд этиш керакки, толиблар Афғонистонда ҳокимиятга келгач, чет давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлардан келаётган ёрдам тўхтаб қолди. Бундан ташқари, минглар афғонлар ватанини тарк этди ва бу жараён ҳали ҳам давом этмоқда. Толибларни Афғонистонда тарафдорлари кўплигига шубҳа йўқ, бироқ улар ҳокимиятга келгач кўплаб қийинчиликларга учрамоқда. Айниқса, молиявий томондан йўқотишлар катта.
Шундай бир даврдан жаҳон ҳамжамияти Афғонистонни беэътибор қолдирмоқчи эмас. Бундай хатога дунё етакчилари аввал йўл қўйган. Бунинг оқибатлари айниқса АҚШнинг эсидан чиқмайди. Афғонистон террорчи гуруҳлар уясига айланмаслиги учун жаҳон етакчилари “Толибон” билан ишламоқчи, ҳатто ушбу ҳаракат БМТ томонидан террорчилик ташкилоти, деб тан олинган бўлса ҳам.
LiveБарчаси