Аҳмад Қурбонов 2 ойга ҳибсга олинди
Олам
−
19 Декабрь
18495Россиялик генерал Игорь Кирилловни ўлдиришда гумонланаётган ва Ўзбекистон фуқароси экани айтилаётган Аҳмад Қурбонов 2 ойга ҳибсга олинди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Қайд этилишича, Москва шаҳридаги Басманний суд залига Аҳмад Қурбонов “Биз дунёни қутқара оламиз” ёзуви туширилган футболкада олиб борилган. Ёпиқ эшиклар ортида ўтган суд мажлисида Қурбонов сўраган таржимон ҳам иштирок этган. Якунда суд уни 2025 йил 17 февралга қадар ҳибсхга олган. Қурбоновга нисбатан “портловчи моддаларни ноқонуний ишлаб чиқариш” айблови қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Москва шаҳридаги портлашда мамлакат Қуролли кучларининг Радиация, кимёвий ва биологик ҳимоя қўшинлари бошлиғи генерал-лейтенант Игорь Кириллов ҳалок бўлганди. Кирилловнинг ўлимида гумон қилиниб, ўзбекистонлик 29 ёшли эркак ушланди. Шунингдек, ТАСС Россия хавфсизлик кучлари ўзбекистонлик ҳамкасбларига Игорь Кирилловнинг ўлдирилишида гумон қилинаётган шахс ҳақида маълумот олиш учун мурожаат қилгани ҳақида хабар берди. Унга кўра, Ўзбекистон томони тегишли сўровни олгач, Игорь Кирилловни ўлдиришда гумон қилиниб, Россияда қўлга олинган фуқаро ҳақидаги маълумотларни дарҳол Москвага юборган.
Кейинчалик, Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси рус генералининг Ўзбекистон фуқароси томонидан ўлдирилиши билан боғлиқ хабарларга муносабат билдириб, гумонланувчи шахс ҳақидаги маълумотни аниқлаштираётганини маълум қилди.