9 балли зилзила бўлиши ҳақида яна хабарлар тарқалди. Бу қанчалик ҳақиқат? (видео)
Жамият
−
28 Март 2023
98134Telegram ижтимоий тармоғида шу ҳафта Ўзбекистон ҳудудида 9 балли зилзила содир бўлиши ҳақида айтилган видео тарқалди. Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази бунга нисбатан расмий муносабат билдирди.
Қайд этилшича, бугун, 28 март куни Telegram ижтимоий тармоғида шу ҳафта Ўзбекистон ҳудудида 9 балли зилзила содир бўлиши мумкинлиги айтилган видеохабар тарқалган. Видеодаги шахс ушбу ҳафта Ўзбекистонда 9 балли зилзила содир бўлишидан огоҳлантириб, одамларни эҳтиёт бўлишга чақирган.
Киберхавфсизлик марказининг маълумот беришича, видеода айтилган гаплар ёлғон. Шунингдек, марказ одамларни бундай хабарларга ишониб қолмасликка чақирган.
"Фейк хабарларга алданманг, батафсил маълумотларни олиш учун бизнинг каналларимизни кузатиб боринг!", дейилади марказ хабарида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ QALAMPIR.UZ соҳа мутахассисларидан яқин орада Ўзбекистонда кучли зилзилалар содир бўлиш эҳтимоли хусусида маълумот олганди. Унда мутахассис яқин вақтлар ичида Ўзбекистонда кучли зилзилаларни келтириб чиқариши мумкин бўлган аномал ҳодисалар кутилмаётганини таъкидлаган. Шунингдек, ҳеч бир давлат зилзиланинг аниқ вақтини башорат қилолмаслиги айтилганди.
Аввалроқ, 9 баллгача зилзила бўлиши кўрсатилган 359 шаҳар номи келтирилган рўйхат ҳам тарқалган бўлиб, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ушбу ахборотни ҳам рад этган эди.
Жорий йилнинг 21 март куни Тошкент вақти билан 21:47 да Афғонистонда зилзила содир бўлди. Мазкур зилзила Ўзбекистон ҳудудларида ҳам сезилиб, 5-6 баллни ташкил қилган.
Шунингдек, 23 март куни соат 1:07 да Ўзбекистонда яна зилзила қайд этилди. ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг Республика марказининг хабар қилишича, ушбу зилзила эпимаркази Тошкент шаҳридан 217 км жануби-шарқда, Тожикистонда бўлган. Тошкентда ер силкинишининг таъсир кучи 5 баллга тенг бўлган эди.
Нодиржон Мадаминов