60 тонна чигити тўхтатиб қолинган тадбиркорнинг муаммоси ҳал бўлди
Жамият
−
15 Октябрь 2023
8207Қашқадарё вилоятида 60 тонна чигити тўхтатиб қолинган жиззахлик тадбиркор муаммоси ҳал этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (бизнес-омбудсман) маълум қилди.
Қайд этилишича, жиззахлик тадбиркор 60 тонна чигит юкланган юк машинаси жамият биржа савдоси орқали “Чироқчи-кластер” масъулияти чекланган жамияти ва “Китоб ип йигирув” акциядорлик жамиятидан сотиб олган чигит маҳсулотини Қашқадарё вилоятидаги “Умакай” йўл-патруль хизмати маскани орқали вилоят ҳудудидан олиб чиқиб кетаётганида ушлаб қолинган.
Бизнес-омбудсманнинг маълум қилишича, ҳозирда тадбиркорнинг фаолияти билан боғлиқ мазкур муаммо тўлиқ бартараф этилган.
“Ўзбекистон Конституциясининг 67-моддасига кўра, мамлакат ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади”, дея эслатма қилинган хабарда.
Шу ўринда ЎзЛиДеП ҳам ушбу ҳолат юзасидан ўз муносабатини билдирган.
“Конституция ва қонунларга асосланмасдан на ички ишлар ходимларининг, на ҳокимият вакилларининг товарларнинг эркин ҳаракатланишини чеклашга ҳеч қандай ваколати йўқ”, дейилади муносабатда.