58 минг абитуриент қайта имтиҳон топшириши мумкин
Олам
−
12:19 4783 2 дақиқа
Мексиканинг нуфузли олий таълим муассасаси Мексика миллий автоном университети (UNAM) кириш имтиҳонларида фирибгарлик аломатлари аниқлангани сабабли 58 мингга яқин абитуриентдан тестни қайта топширишни талаб қилди. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, университет маъмурияти бу йил илк бор тўлиқ онлайн форматда ташкил этилган кириш имтиҳонлари кутилган натижани бермаганини маълум қилди. Шу боис қайта имтиҳонлар анъанавий тарзда, аудиторияларда ўтказилади.
"UNAM хатоларни аниқлашни ва уларни тузатишни билади. Бу борада ҳеч қандай бепарволик бўлмайди. Масъулиятни ўз зиммамизга оламиз ва шунга мувофиқ ҳаракат қиламиз", деган UNAM ректори Леонардо Ломели.
Жорий йилнинг ёзида университетга кириш учун қарийб 160 минг абитуриент имтиҳон топширган. Онлайн тест давомида иштирокчилар сунъий интеллект ёрдамида ишлайдиган кузатув тизими орқали юз ва овозни аниқлаш технологияси билан назорат қилинган. Бироқ имтиҳон натижалари назорат тизими фирибгарликнинг олдини ололмаганини кўрсатди.
Маълумотларга кўра, 2021–2025 йиллар давомида абитуриентларнинг бор-йўғи 3,5 фоизи 120 баллдан 100 ва ундан юқори натижа қайд этган. Жорий йилда эса бу кўрсаткич кескин ошиб, 16 фоизни ташкил этган. Шунингдек, 110 ва ундан юқори балл тўплаганлар улуши ҳам аввалги 0,9 фоиздан 5,5 фоизгача кўтарилган.
Университетдаги энг талаб юқори йўналишлардан бири бўлган тиббиёт факультетига ҳужжат топширган абитуриентларнинг қарийб 30 фоизи 100 ва ундан юқори балл олган. Таққослаш учун, ўтган йилда бундай натижани қайд этганлар улуши 9 фоизни ташкил этган.
Мазкур ҳолат мамлакатда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Мексика Президенти Клаудия Шейнбаум зарурат туғилса, иш бўйича Бош прокуратура ҳам тергов олиб бориши мумкинлигини билдирган. Шунингдек, Мехико шаҳрида юзлаб абитуриентлар қайта имтиҳон топшириш қарорига норозилик билдириб, пойтахтдаги асосий кўчалардан бир нечтасини тўсиб қўйган.
UNAM маълумотига кўра, натижалар эълон қилинишидан аввал шахсни сохталаштириш, ташқи ёрдамдан фойдаланиш ҳамда сунъий интеллект воситаларини қўллаш каби қоидабузарликлар аниқлангани сабабли 3 174 та тест натижаси бекор қилинган.
Фирибгарлик можароси сабаб университет барча қабул жараёнини вақтинча тўхтатган ва 158 мингдан ортиқ абитуриент тақдирини кўриб чиқиш учун махсус техник қўмита тузган. Университет раҳбарияти янги ўқув йили аввал режалаштирилган 10 август ўрнига 31 августда бошланишини ҳам эълон қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистон Таълим вазири Дхармендра Прадхан имтиҳон саволлари сизиб чиқиши ортидан мамлакат бўйлаб давом этаётган оммавий норозилик намойишларидан сўнг истеъфога чиққани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси