5 асрлик чинорга кўз тегди
Олам
−
15 Июль 2019
4548Аввалроқ, Озарбайжоннинг Шеки районида жойлашган Хон саройи ЮНЕСКОнинг маданий мерослар рўйхатига киритилгани ҳақида хабар берган эдик. Хабарда мазкур ҳудудда 5 асрлик чинор борлиги айтилганди. Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас ушбу қадамжога кўз тегди. Кеча, 14 июль куни ушбу кўп асрлик чинорнинг катта шохи Хон саройини томоша қилиш учун ташриф буюрган сайёҳлар устига қулади.
Дарахтнинг қуриган шохи синиб тушиши оқибатида 19 киши жароҳатланган. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигидан хабар берилмоқда.
Жароҳатланганларнинг 5 нафари Сурия, 2 нафари Россия фуқаролари экани айтилмоқда. 4 киши оғир аҳволда қолмоқда. Уларнинг икки нафари учун пойтахт Бакудан малакали шифокорлар чақиртирилган.
Мазкур ҳодиса Президент Илҳом Алиевнинг шахсий назорати остига олинган. Воқеа бўйича махсус комиссия тузилиб, республика Бош прокуратураси, Маданият вазирлиги, ФВВ ходимлари воқеа жойига етиб борган.
Эслатиб ўтамиз, Шекидаги Хон саройи жорий йилнинг 7 июль куни Озарбайжон пойтахти Баку шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКОнинг 43-сессиясида маданий мерос рўйхатига қўшилган эди.
Хон саройи Озарбайжонда энг кўп сайёҳлар ташриф буюрувчи тарихий объектлардан бири саналади. У XVIII асрга оид бўлиб, 1790-1797 йилларда бунёд этилган. Икки қаватдан иборат саройнинг умумий баландлиги 10 метр, эни 3 метрни, бино майдони эса 300 м квни ташкил этади. Унда 6 та хона, 4 та йўлак, 2 та ойнаванд айвон мавжуд. Иншоотнинг ташқи ва ички деворлари озар халқи тарихидан ҳикоя қилади. Унда ов ва уруш саҳналари акс этган суратларни кўриш мумкин. Деворларда мингга яқин қиёфалар акс этган, бироқ улар бир-бирини такрорламайди.
Сарой нафақат Озарбайжон ё Кавказ, балки Ислом дунёси тарихи учун ҳам ўта аҳамиятли объект саналади. У 1848-1851, 1955-1965, 2002 йилларда реставрация қилинган.
2001 йилнинг 24 октябрь куни ушбу тарихий иншоотни ЮНЕСКОнинг маданий мерослар рўйхатига киритиш бўйича таклиф юборилган. Орадан 18 йил ўтиб, бино ушбу рўйхатга киритилди.
Хон саройига кираверишдаги 5 асрлик чинор дарахти 1530 йилда экилган. Саройни томоша қилиш учун келган сайёҳлар мана шу дарахтнинг ёнида суратга тушмай қайтмайди. Аслида қалъа ва сарой атрофида бундай дарахтлар кўп бўлгани айтилади. Бироқ, ўтган йиллар давомида фақат шу дарахт сақлаб қолинган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь