Озарбайжондаги уч асрлик сарой 18 йил деганда ЮНЕСКО рўйхатига киритилди
Олам
−
09 Июль 2019
4506Жорий йилнинг 7 июль куни Озарбайжон пойтахти Баку шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКОнинг 43-сессиясида мамлакатнинг Шеки районида жойлашган Хон саройи маданий мерослар рўйхатига киритилди.
Хон саройи Озарбайжонда энг кўп сайёҳлар ташриф буюрувчи тарихий объектлардан бири саналади. У XVIII асрга оид бўлиб, 1790-1797 йилларда бунёд этилган. Икки қаватдан иборат саройнинг умумий баландлиги 10 метр, эни 3 метрни, бино майдони эса 300 м квни ташкил этади. Унда 6 та хона, 4 та йўлак, 2 та ойнаванд айвон мавжуд. Иншоотнинг ташқи ва ички деворлари озар халқи тарихидан ҳикоя қилади. Унда ов ва уруш саҳналари акс этган суратларни кўриш мумкин. Деворларда мингга яқин қиёфалар акс этган, бироқ улар бир-бирини такрорламайди.
Баъзи манбаларда ушбу бинодан девонхона, суд, қолаверса, хоннинг ёзги саройи сифатида фойдаланилгани ҳақида маълумотлар учрайди.
Юқори қават хоннинг ётоқхонаси, жориялар хонаси ўрин олган. Биринчи қаватдаги катта залда эса аҳоли билан учрашувлар, мажлис ва машваратлар ўтказилган. Шу боис хоннинг ўтирадиган жойдан бир неча қарич нарида кичик фаввора ўрнатилган. Хон вазирлари ва маслаҳатчилари билан мулоқот қуриб, суҳбатлашаётган маҳал унинг овозини фавворадан отилиб чиқаётган сув саси тўсиб қолган.
Собиқ иттифоқ даврида ушбу сарой музей мақомини олди.
Сарой нафақат Озарбайжон ё Кавказ, балки Ислом дунёси тарихи учун ҳам ўта аҳамиятли объект саналади. У 1848-1851, 1955-1965, 2002 йилларда реставрация қилинган.
2001 йилнинг 24 октябрь куни ушбу тарихий иншоотни ЮНЕСКОнинг маданий мерослар рўйхатига киритиш бўйича таклиф юборилган. Орадан 18 йил ўтиб, бино ушбу рўйхатга киритилди.
Хон саройига кираверишда уч асрлик дарахт бор. Саройни томоша қилиш учун келган сайёҳлар мана шу дарахтнинг ёнида суратга тушмай қайтмайди. Аслида қалъа ва сарой атрофида бундай дарахтлар кўп бўлгани айтилади. Бироқ, ўтган йиллар давомида фақат шу дарахт сақлаб қолинган.
LiveБарчаси