5,6 млрд сўмлик тақинчоқларни ички кийимлари орасига яшириб, чегарадан ўтаётган буви ва невара ушланди
3-саҳифа
−
05 Ноябрь
7195Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги “Малик” чегара ўтказиш пунктида йирик миқдордаги қимматбаҳо заргарлик буюмларини ноқонуний равишда олиб киришга бўлган уриниш фош қилинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, божхона пункти орқали ҳаракатланаётган фуқаролардан бири холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганида, ички кийимлари орасидан оёқларининг юқори қисмига 19 дона ўрам яширганлиги аниқланган.
Мазкур ўрамлар белгиланган тартибда очиб кўрилганида уларнинг ичида 9 турдаги 468 дона қимматбаҳо металлдан ясалган ва бриллиант тошлар билан безатилган заргарлик буюмлари борлиги аниқланган.
Шунингдек, ушбу шахснинг 14 ёшли невараси ҳам белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, унинг ҳам ички кийимлари орасига 12 дона ўрам яширилгани аниқланган. Мазкур ўрамларда эса 8 турдаги 454 дона тақинчоқлар борлиги маълум бўлган.
“Божхона назоратидан яширилган жами 922 дона тилладан ясалган бриллиант тошлар ўрнатилган заргарлик буюмларининг умумий оғирлиги 6,7 килограммдан ошмоқда, умумий қиймати эса 5,6 млрд сўмни ташкил қилмоқда”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, республикага жисмоний шахслар томонидан 65 граммгача оғирликдаги қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмларини божсиз олиб киришга рухсат этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида миқдори 1 млрд 770 млн сўм бўлган заргарлик буюмлари Ўзбекистонга ноқонуний тарзда автобусда олиб кирилаётгани аниқланганди.
LiveБарчаси