4 йил ичида одам савдоси қурбонлари сони 43 фоизга ошди – БМТ
Олам
−
11 Декабрь
586COVID-19 пандемияси давридаги пасайишдан сўнг дунёда одам савдоси яна ўсиш босқичига ўтди. Хусусан, 2022 йилда одам савдоси қурбонлари сони 2019 йилга нисбатан 25 фоизга ва 2020 йилга нисбатан 43 фоизга ошган. Бу ҳақда бугун, 11 декабрь куни эълон қилинган БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) ҳисоботида келтирилган.
Ҳисоботга кўра, одам савдоси ўсишининг асосий сабаблари қашшоқлик, қуролли можаролар ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ. 2022 йилда камида 162 миллат вакиллари одам савдоси қурбони бўлиб, 128 давлатга сотилган. Қурбонларнинг энг катта қисми Шимолий Африка ва Сахарадан жанубдаги Африка мамлакатларидан (31 фоиз) бўлган. Иккинчи ўринда Европа мамлакатлари (27 фоиз) туради, айниқса Марказий ва Жануби-Шарқий Европа давлатларида (12 фоиз) кўпроқ кузатилади.
Бундан ташқари, болалар савдоси қурбонлари сони 2022 йилда 2019 йилга нисбатан 31 фоизга ошган. Кўпинча қиз болалар (38 фоиз) одам савдосининг қурбонига айланиб, юқори даромадли давлатларга ҳам сотилган. Умуман олганда одам савдоси қурбонларининг 61 фоизини аёллар ва қиз болалар ташкил этади. Ўғил болалар асосан мажбурий меҳнат (45 фоиз), тиланчилик ёки жиноий фаолиятга мажбуран жалб қилиш учун сотилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ UNODC 2023 йилда дунё бўйлаб 85 минг аёл ва қиз қасддан ўлдирилгани ва бу уларнинг 51 мингга яқини (60 фоизи) турмуш ўртоғи ёки бошқа оила аъзолари томонидан содир этилгани бўйича ҳисобот эълон қилган эди.
LiveБарчаси