32 судьянинг ваколати муддатидан аввал тугатилди
Жамият
−
20 Сентябрь
6941Ўзбекистонда жорий йил давомида 32 нафар судьянинг ваколати муддатидан аввал тугатилгани маълум бўлди. Бу ҳақда кеча, 19 сентябрь куни Судьялар олий кенгаши масъуллари матбуот анжуманида маълум қилди.
Қайд этилишича, 2024 йилнинг 18 сентябрь ҳолатига кўра, суд ҳокимияти тизимида 1490 нафар судья фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 209 нафари аёллар бўлиб, аёл судьяларнинг 24 нафари раҳбарлик лавозимида ишлайди.
“Ўзбекистонда фаолият юритувчи судьяларнинг 511 нафари судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатида ишлаб келмоқда. 923 нафари, яъни мавжуд судьяларнинг қарийб 70 фоизи 10 йиллик муддатга, 54 нафари эса муддатсиз даврда ишлаб келмоқда”, дейди Судьялар олий кенгашининг шўба мудири Нодира Бобохонова.
Масъулнинг сўзларига кўра, жорий йилда 32 нафар судьянинг ваколати муддатидан аввал тугатилган. Хусусан, уларнинг 13 нафари судьялик қасамёдини бузгани учун, 6 нафари Судьялар одоби кодекси талабларини бузгани учун ва 13 нафар судья ўз аризаси асосида ваколат муддатидан аввал тугатилган.
Мадина Салимова