30 дан ортиқ давлат BRICS’га кириш истагини билдирди – Путин 

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин 30 дан ортиқ давлат BRICS’га кириш истагини билдирганини айтди. Бу ҳақда Россия раҳбари BRICS’га аъзо давлатлар хавфсизлик масалалари бўйича масъул вакиллари билан учрашувда маълум қилди.

“Бизнинг раислик зиммамизга алоҳида вазифа юкланган эди – янги иштирокчи мамлакатларнинг барча BRICS механизмларига энг тез ва органик интеграциялашувига ҳар томонлама ёрдам бериш. Қолаверса, биз кўплаб давлатлар томонидан BRICS’га қизиқиш ортиб бораётганини эътиборсиз қолдира олмадик. Бугунги кунда ўндан ортиқ давлат, аниқроғи 34 та давлат уюшмамиз фаолиятига у ёки бу шаклда қўшилиш истагини билдирган. Шу сабабли, BRICS’нинг барча иштирокчилари билан Қозонда тасдиқланиши керак бўлган янги тоифа – ҳамкор давлатлар усуллари ҳақида фаол муҳокама бошланди", дейди Россия Президенти.

Унинг таъкидлашича, Россия раислиги дастури барча асосий йўналишлар: сиёсат ва хавфсизлик, иқтисодиёт ва молия, маданий-гуманитар алоқалар бўйича шерикликни ривожлантиришга қаратилган 200 та тадбирни ўз ичига олади. Президентнинг сўзларига кўра, бугунги кунга қадар раислик режаси 70 фоиздан кўпроқ бажарилган, 150 га яқин тадбирлар, йиғилишлар, соҳа форумлари ўтказилган, экспертлар ва вазирларнинг аксарият учрашувлари бўлиб ўтган.

“Россия раислиги, азиз дўстлар, хавфсизлик масалалари бўйича олий вакиллар сифатида сизнинг ваколатингиз доирасидаги масалаларга катта эътибор қаратади. Шу билан бирга, биз терроризм ва экстремизм таҳдидларига, қурол ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига, трансмиллий жиноятчилик ва ноқонуний миграцияга қарши курашишда BRICS’да тўпланган ҳамкорликнинг чинакам мустаҳкам тажрибасига таянамиз", дейди Путин.

Унинг қўшимча қилишича, BRICS гуруҳининг коррупцияга қарши иши доирасида Россия томонининг таклифига биноан ассоциация давлатларининг порахўрликка қарши кураш ва ноқонуний жиноий фаолиятдан олинган мол-мулк ва даромадларни қайтариш бўйича умумий ёндашувлари тасдиқланган. Бу BRICS давлатларининг гиёҳвандликка қарши курашдаги ўзаро ҳамкорлиги қўшимча туртки бўлган.

Маълумот учун, BRICS'га 2006 йилда Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой томонидан асос солинган ва 2011 йилда Жанубий Африка унга аъзо бўлган. 2024 йилнинг 1 январида Миср, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони ва Эфиопия гуруҳнинг тўлиқ аъзоси бўлди. Бу йил ассоциацияга Россия раислик қилмоқда. Бу йил BRICS саммити 22-24 октябрь кунлари Қозон шаҳрида бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Хитой раҳбари Си Цзиньпин, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён BRICS саммитида қатнашиши, Россия Президенти Владимир Путин Фаластин етакчиси Маҳмуд Аббосни ҳам саммитга таклиф қилгани, бироқ Аббоснинг саммитда иштирок этиши ҳозирча аниқ эмаслиги хабар қилинганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Владимир Путин BRICS

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг