Пашинян Россиядаги BRICS саммитида қатнашади
Олам
−
07 Сентябрь
3449Россиянинг Қозон шаҳрида октябрь ойида бўлиб ўтадиган BRICS саммитида Арманистон Бош вазири Никол Пашинян иштирок этади. Бу ҳақда Арманистон Вазирлар Маҳкамаси раҳбари матбуот котиби Назели Багдасарян маълум қилди.
Арманистон парламентининг ташқи алоқалар комиссияси раҳбари Саркис Ханданян эса Ереван BRICS’га қўшилиш учун ариза бермоқчи эмаслигини, бироқ Арманистон ушбу интеграция бирлашмасининг турли мамлакатлари билан кўп қиррали алоқаларга эга эканлигини айтди.
BRICS саммити 22-24 октябрь кунлари Қозон шаҳрида бўлиб ўтади.
Маълумот учун, BRICS'га 2006 йилда Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой томонидан асос солинган ва 2011 йилда Жанубий Африка унга аъзо бўлган. 2024 йилнинг 1 январида Миср, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони ва Эфиопия гуруҳнинг тўлиқ аъзоси бўлди. Бу йил ассоциацияга Россия раислик қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Хитой раҳбари Си Цзиньпин, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған BRICS саммитида қатнашиши, Россия Президенти Владимир Путин Фаластин етакчиси Маҳмуд Аббосни ҳам саммитга таклиф қилгани, бироқ Аббоснинг саммитда иштирок этиши ҳозирча аниқ эмаслиги хабар қилинганди.
LiveБарчаси