2026 йилда ўзбекистонликлар қанча кредит олди?

Жамият

image
Жорий йилнинг биринчи чорак якунларига кўра, Ўзбекистондаги жами 34 та тижорий банкларнинг активлар ҳажми 962,8 триллион сўмни ташкил этиб, унинг 629 триллион сўм қисми кредитлар учун сарфланган. Бу ҳақда Марказий банк хабар қилди.

Маълум қилинишича, 2026 йил 1 май ҳолатига Ўзбекистонда фаолият юритаётган 34 та тижорат банкининг жами активлари 962,8 триллион сўмни ташкил этган. Активлар ҳажми бўйича энг йирик 12 та банк (активлари 30 триллион сўмдан юқори) ҳиссасига банк тизими активларининг қарийб 80 фоизи ёки 767,6 триллион сўми тўғри келган.

Кредит портфелининг асосий қисми ҳам айнан йирик банкларда жамланган. Банк тизимидаги жами 629 триллион сўмлик кредитларнинг 521,5 триллион сўми ёки 83 фоизи активлари 30 триллион сўмдан юқори бўлган банклар ҳиссасига, яъни айни ўша 12 та банкка тўғри келган.

Қайд этилишича, кредитлар таркибида узоқ муддатли кредитлар устунлик қилмоқда. Узоқ муддатли кредитлар жами 552,8 триллион сўм бўлган. Уларнинг 459,6 триллион сўми йирик банклар томонидан ажратилган. Банк тизимининг капитал базаси ҳам юқори даражада шаклланган. Жами капитал 144 триллион сўмни ташкил этиб, унинг 111 триллион сўми активлари 30 триллион сўмдан юқори бўлган банклар ҳиссасига тўғри келган.

Жорий йилнинг 1 май ҳолатига кўра, банк тизими 6,9 триллион сўм соф фойда кўрган. Капитал монандлиги, яъни хавфсизлик кўрсаткичи эса 18,4 фоиз даражасини кўрсатган.

Регуляторга кўра, банкларда депозитлар ҳажми ҳам ўсишда давом этмоқда. Банклардаги аҳоли омонатларининг умумий ҳажм 170,2 триллион сўмга, юридик шахслар депозитлари эса 274,2 триллион сўмга етган. Мазкур маблағларнинг асосий қисми йирик банкларда жамланган бўлса-да, ўрта ва кичик банклар сегментида ҳам депозит базаси босқичма-босқич кенгайиб бораётгани таъкидланган.

Хулоса қилинса, нафақат жорий йилнинг 1 май ҳолатигача бўлган даврда, балки умуман олганда ҳам Ўзбекистон банк тизимида "гигантлар" (йирик банклар) асосий ролда ўтирибди. Улар иқтисодиётни энг катта пуллар билан таъминламоқда ва асосий ричаг вазифасини бажармоқда. Шу билан бирга, қолган кичик банкларнинг ҳам капитал айланмасидаги ҳиссаси нисбатан ортган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдиргани хабар қилинганди.

Мақола муаллифи

Теглар

Марказий банк кредит тижорий банклар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг